Янош Ковач UzAuto Motors бош директори этиб тайинланди

Янош Ковач “UzAuto Motors” акциядорлик жамиятининг бош директори этиб тайинланди, дея хабар берди корхона матбуот хизмати.

Мутахассис Венгрияда туғилган. Будапешт техника университетини автомобиль технологиялари муҳандиси мутахассислиги бўйича тамомлаган.

Компания таъкидлашича, Янош Ковач General Motors, Opel, GM Powertrain Uzbekistan, UzAuto Peugeot Citroën Automotive ва VinFast Automotive каби компанияларда раҳбарлик лавозимларида ишлаган тажрибага эга. У сифатни бошқариш, ишлаб чиқариш жараёнларини оптималлаштириш ва автомобиль заводларини бошқариш масалаларини назорат қилган.

2021 йилдан буён Янош Ковач “UzAuto Motors” АЖ кузатув кенгаши аъзоси ва компаниянинг аудит қўмитаси аъзоси ҳисобланади.

Аввалги 3 йил давомида компанияга Бу Андерссон раҳбарлик қилган эди. У 2024 йил декабрь ойида ушбу лавозимдаги фаолиятини якунлаган.