
Тошкент вилоятининг Янгиобод шаҳрида собиқ уран конини рекультивация қилиш ишлари якунланди, дея хабар берди Ўзбекистон Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги матбуот хизмати.
Ишлар 2024 йил февраль ойидан бошлаб Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) кўмагида олиб борилди.
Бугунги кунга келиб, рекультивация қилинган майдонларнинг геодезик суратга олиш ишлари бажарилди, узунлиги 850 м бўлган кириш йўллари қурилди, объектнинг барча ҳудудларида бетон ва ғишт иншоотлари, шунингдек, темир-бетон конструкциялари демонтаж қилинди. Ифлосланган бетон чиқиндиларини утилизация қилиш учун махсус полигон ташкил этилди.
«Ҳудудда ер усти сувларини дренаж қилиш тизими қурилди, шахта ва штольня ёпилди, шахта сувларини инфильтрация қилиш учун траншея яратилди, кўмилган чиқиндилар ва ювилган рудаларнинг усти қопланди. Ҳудудлар бўйлаб дарёларнинг қирғоқ чизиқлари мустаҳкамланди, шикастланган қатламларга ҳимоя қатлами ётқизилди, шахта сувларини чиқариб юбориш учун эса диаметри 1000 мм бўлган полипропилен қувурлар ётқизилди», – дейилади Экология вазирлиги хабарида.
Объектни давлат комиссияси кўздан кечирди, унинг таркибига Экология вазирлиги, ФВВ, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси, Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси, Тошкент вилояти Янгиобод тумани ҳокимлиги ва бошқа масъул тузилмалар вакиллари киради.
Вазирлик уран конларини зарарсизлантириш ишлари давомида меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлик техникаси чораларига риоя қилинганини таъкидламоқда. Лойиҳа доирасида ижрочилар маҳаллий аҳоли билан ҳам учрашиб, уларнинг фикр ва таклифларини тинглади.
2022 йилда ЕТТБ билан Ўзбекистонни уран мероси объектлари – Чоркесар (Наманган вилояти) ва Янгиобод майдонларини рекультивация қилишда қўллаб-қувватлаш учун грант битими тузилгани ҳақида хабар берилган эди. Молиявий кўмак миқдори 7 млн еврони ташкил қилди. 2021 йилда ЕТТБ, Европа Иттифоқи ва бир қатор донор давлатлар ушбу ҳудудларни экологик реабилитация қилиш – тупроқ, сув ёки ҳавонинг дастлабки кўрсаткичларини тиклаш учун 2 млн евро миқдорида грант ажратди.
Чаркесар-2 собиқ уран конидаги рекультивация ишлари 2024 йил август ойида якунланган. Янгиободда 40 йилга яқин уран кони бўлган, Чаркесарда эса 1995 йилгача уран қазиб олинган.

