
Ўзбекистоннинг Сингапурдаги элчиси Алишер Қаюмов ўриндошлик асосида Янги Зеландиядаги элчи этиб тайинланди. 2026 йил 1 апрель куни у мамлакат генерал-губернатори Даме Синди Кирога ишонч ёрлиқларини топширди, деб хабар бермоқда Ташқи ишлар вазирлиги ҳузуридаги «Дунё» ахборот агентлиги.
Веллингтон шаҳридаги Government House қароргоҳида бўлиб ўтган тантанали маросимда Ўзбекистон элчиси Янги Зеландиянинг туб жой полинезия халқи — маори анъаналарига мувофиқ, ҳарбий эҳтиром билан кутиб олинди.
Мулоқот чоғида томонлар икки томонлама муносабатларнинг истиқболларини, жумладан, сиёсий, савдо-иқтисодий, илмий, таълим ва бошқа соҳалардаги ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилдилар.
Даме Синди Киро икки томонлама алоқаларни мустаҳкамлашдан манфаатдор эканини таъкидлади.
Алишер Қаюмов 2024 йилнинг март ойида Сингапурга элчи сифатида келган эди. У 56 ёшда бўлиб, Тошкент давлат университетини тамомлаган. Кўп йиллар давомида Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлиги тизимида фаолият юритган. Шунингдек, Ўзбекистоннинг Германиядаги элчихонасида маслаҳатчи бўлиб ишлаган, Австриядаги дипломатик миссияга ва Венадаги халқаро ташкилотлар ҳузуридаги ваколатхонага раҳбарлик қилган. Хусусий бизнес соҳасида, жумладан, хорижда ишлаш тажрибасига эга.