2024 йил 30 ноябрь куни Ўзбекистон ҳукумати қарорига кўра, йўл ҳаракати қоидаларига янги белгилар ва чизиқлар киритилди. Улар орасида:
- “Кўтарилган пиёдалар ўтиш жойи” белгиси;
- Сариқ-оқ чизиқли кўтарилган пиёдалар ўтиш жойи;
- 3D кўринишдаги йўл чизиқлари, яъни кўтарилган пиёдалар ўтиш жойи ва “сузиб турган зебраларни” тақлид қилувчи махсус чизмалар.
Мазкур ҳужжатда қайд этилишича, йўл инфратузилмасининг етарли даражада ривожланмаганлиги пиёдалар хавфсизлигига салбий таъсир кўрсатмоқда. Шу сабабли, янги белгилар ва чизиқларни жорий этиш нафақат пиёдаларнинг хавфсизлигини оширади, балки уларнинг устуворлигини ҳам таъминлайди.
Йўл ҳаракати қоидаларидаги ўзгартишлар:
5.48 – “Кўтарилган пиёдалар ўтиш жойи” ахборот-кўрсаткич белгиси.
Таъкидлаш жоизки, йўл ҳаракати қоидаларида 1.31 «Сунъий йўл нотекслиги» огоҳлантирувчи белгиси мавжуд бўлиб, у асосан «ётиқ полицейскийлар» олдида ўрнатилади.
1.29.1 – Кўтарилган пиёдалар ўтиш жойини ифодаловчи горизонтал йўл чизиғи.
1.29.2 – Автомобиль йўлларида 3D кўринишдаги кўтарилган пиёдалар ўтиш жойи учун горизонтал чизиқ.
1.29.3 – Автомобиль йўлларида “3D” кўринишдаги пиёдалар ўтиш жойини белгиловчи йўл чизиғи.
Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, қоидаларда илгари мавжуд бўлган 1.29 “Сунъий йўл нотекслиги” белгиси ҳам ўз ўрнида қолмоқда.
Янги белгилар қаерда қўлланилади?
Қарорга мувофиқ, янги йўл белгиси ва 3D чизиқлар қуйидаги ҳудудларда жорий этилади:
- Шаҳарлар ва аҳоли пунктларидаги ёритилган йўлларда;
- Давлат ва маҳаллий аҳамиятга эга автомобиль йўлларида, ҳаракат тезлиги 30 км/соат бўлган жойларда;
- Кўриниши чекланган чорраҳаларда;
- Болалар майдончалари, таълим муассасалари, дам олиш масканлари, стадионлар, вокзаллар, савдо марказлари каби гавжум ҳудудларда;
- Шунингдек, 1.21 “Болалар” белгиси таъсир доирасида жойлашган ҳудудларда.
Мазкур янгилик йўлларда хавфсизликни ошириш ва барча қатнашчилар учун қулай шарт-шароит яратишга қаратилган.