
Фарғона вилояти Бувайда туманидаги 37-мактаб директори в.б. янги йил байрами кунларида — 25 декабрдан 4 январгача, жумладан 31 декабрдан 1 январга ўтар кечаси ўқитувчиларни тун-у кун навбатчиликка мажбурлагани учун январь ойи бошида ишдан бўшатилди. Вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ўз хабарида мактаб раҳбари педагоглар зиммасига уларнинг лавозим мажбуриятларига кирмайдиган вазифаларни юклаганини таъкидлади. Бу, хусусан, «Педагогнинг мақоми тўғрисида»ги қонун билан тақиқланган.
Бироқ, куни кеча тизимдаги барча ташкилотларда тун-у кун «узлуксиз» навбатчиликлар ва ҳудудий штаблар ташкил этиш ҳақидаги топшириқ декабрь ойи охирида Ўзбекистон Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан берилгани маълум бўлди. Хизмат доирасида фойдаланиш учун (ХДФ) грифи остидаги ушбу ҳужжат нусхаси ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари томонидан эълон қилинди.
Топшириқда ҳукуматнинг Янги йил байрами давомида хавфсизликни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисидаги баённомасига ҳавола қилинган. Бу ҳақда вилоят ва туман таълим бўлимларининг хатларида ҳам айтиб ўтилган (ҳукуматнинг электрон тизимида очиқ бўлган ҳужжат намунаси мавжуд).
Бувайдадаги мактабда мажбурий навбатчилик ташкил этилгани ҳақида биринчи бўлиб Kun.uz сайти хабар берди. Ўқитувчилар нашрга агар топшириқни бажаришдан бош тортишса, дарс соатларини қисқартириш билан таҳдид қилишганини сўзлаб беришган. Сайт навбатчилик графиги ва ўқитувчиларнинг суратларини эълон қилди, улардан бири навбатчиликка ёш боласи билан келган.
Вилоят бошқармаси эса таълим муассасалари раҳбарлари бундан буён бундай ҳолатларга йўл қўйилмаслиги ҳақида огоҳлантирилганини билдирди. Шунингдек, жамоатчиликни битта ҳолат мисолида бутун таълим тизими ҳақида хулоса чиқармасликка чақирди. Аммо тарқалган хат нусхалари бунинг аксини кўрсатиши мумкин.
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги топшириқда айнан ўқитувчиларни навбатчиликка жалб қилиш ҳақида гап кетмаганини айтди. Навбатчиликка кимлар жалб қилиниши керак бўлганлиги ҳақида маълумот берилмади.
2023 йил март ойида президент томонидан педагог ходимларни меҳнатга мажбурлаганлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарликни назарда тутувчи қонун имзоланган эди.

