Кўп квартирали уйларни фойдаланишга топшириш секинлашди, бозор хусусий уйлар ҳисобига ўсмоқда — МБ

Ўзбекистон кўчмас мулк бозори 2025 йилнинг учинчи чорагида битимлар сони, ипотека кредитланиши, аҳоли даромадлари ва қурилиш ишларининг ўсиши фонида юқори фаоллик даражасини сақлаб қолди. Бу ҳақда Марказий банк шарҳида сўз боради.

Регулятор маълумотларига кўра, 2025 йилнинг дастлабки тўққиз ойида кўчмас мулк олди-сотди шартномалари сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 12,8 фоизга ошиб, 229,8 мингтага етган.

Мамлакатнинг аксарият ҳудудларида ўсиш ўртача даражадан юқори бўлган бўлса, Фарғона водийсида бу кўрсаткич 7-8 фоиз атрофини ташкил этди. Энг паст суръатлар Тошкент вилоятида қайд этилди — 1,7 фоиз.

Учинчи чоракда ажратилган ипотека кредитлари ҳажми йиллик ҳисобда 14,9 фоизга ошиб, 5,6 триллион сўмга етди. Шу билан бирга, йил бошидан буён ипотека портфели қолдиғининг йиллик ўсиши 17 фоиз атрофида сақланиб қолмоқда.

Марказий банк, шунингдек, аҳоли реал даромадларининг ўсишини ҳам қайд этмоқда: 2025 йил тўққиз ой якунларига кўра, уларнинг реал ўсиши 8,4 фоизни ташкил қилди.

Қурилиш сектори мамлакатнинг барча ҳудудларида юқори фаоллик кўрсатди — 2025 йил январь-сентябрь ойларида қурилиш ишлари ҳажмининг реал ўсиш суръатлари 14,2 фоизга етди.

Уй-жойни фойдаланишга топшириш суръатлари бир оз секинлашганига қарамай, кўрсаткич барқарорлигича қолмоқда. Тўққиз ой давомида 11,1 миллион квадрат метр уй-жой фойдаланишга топширилди, бу ўтган йилга нисбатан 2,4 фоизга кўп.

Ўсиш асосан якка тартибдаги уй-жой қурилиши ҳисобига таъминланди, кўп квартирали уйларни фойдаланишга топшириш эса 2024 йилги даражадан паст бўлди. Бу турар жой мажмуалари қурилишининг давом этаётгани ва объектларни топшириш муддатлари кўчирилгани билан боғлиқ бўлиши мумкин.

Аҳолининг уй-жой қурилишига йўналтираётган инвестициялари ўсишда давом этмоқда: III чорак якунларига кўра, уларнинг жами инвестициялар ҳажмидаги улуши 6 фоизни (йил бошидан — 7,2 фоизни) ташкил этди.

Истеъмолчилар кайфияти сўровига кўра, уй-жой бозоридаги жорий талаб барқарор даражада қолмоқда. Респондентларнинг қарийб 6 фоизи кўрилаётган даврда турар жой сотиб олганини маълум қилган. Шу билан бирга, тўққиз ой ичида уй-жой сотиб олиш бўйича кутилмалар ўтган йилги 9,8 фоиздан ўртача 8,6 фоизгача камайган.

Кўчмас мулк бозорида таклиф барча сегментларда — бирламчи ва иккиламчи бозорларда, ижара ва ер участкалари бозорида юқорилигича қолмоқда. Шу билан бирга, унинг ҳажми бироз камайган. Дастлабки тўққиз ойда очиқ манбаларда ҳар ойда ўртача 41,6 мингта уй-жой сотиш тўғрисидаги эълон жойлаштирилган (2024 йилда — 42,7 мингта).

Нархлар динамикасида сезиларли ўзгаришлар кузатилмади: нархлар аввалги чоракларнинг ўртача қийматлари даражасида шаклланди. Миллий валютанинг мустаҳкамланиши фонида уй-жой нархларининг доллар ифодасидаги йиллик ўсиши тезлашди, сўмда эса аввалги динамика сақланиб қолди.

2025 йил сентябрь ойи якунларига кўра, бирламчи бозордаги квартиралар нархи сўмда 2,4 фоизга ва доллар ифодасида 5,5 фоизга, иккиламчи бозорда эса мос равишда 1,8 фоиз ва 5 фоизга ошди.

«Сотувчиларнинг бошланғич нархларни чет эл валютасида белгилашга мойиллиги уларнинг активлар қийматини сақлаб қолишга интилишидан далолат беради», — деб қайд этди МБ.

Август-сентябрь ойларидаги мавсумий талаб ўсиши фонида ижара бозоридаги фаоллик сезиларли даражада кучайди. Тошкентда сентябрь якунларига кўра, ижара нархларининг доллар ифодасидаги йиллик ўсиши 5,4 фоизни, республика бўйича эса 8,4 фоизни ташкил этди.

Марказий банк баҳосига кўра, ижара ставкалари ўсишининг тезлашиши ижара ва иккиламчи уй-жой бозоридаги нархлар динамикаси ўртасидаги фарқни қисқартирмоқда.

Умуман олганда, регулятор III чоракда нисбатан мувозанатлашган талаб шароитида таклифнинг ўсиши кўчмас мулк бозорида нархларнинг мўътадил шаклланишига хизмат қилганини таъкидламоқда.

Президент 2025 йил 20 ноябрь куни уй-жой бозори ва ипотекани ривожлантириш тўғрисидаги фармонни имзолади. Ҳужжатда 2040 йилгача йиллик қурилиш ҳажмини 421 мингта квартирага етказиш, ипотека портфелини 10 бараварга — 56,7 миллиард долларгача кенгайтириш ва комплекс қурилишнинг янги моделини жорий этиш кўзда тутилган.