Янги уйлар марказлаштирилган иситиш тизимига уланади ва электр плиталар билан жиҳозланади

Ўзбекистонда янги қуриладиган уйларни марказлаштирилган иситиш тизимига улаш ва ошхоналарни электр плиталар билан жиҳозлаш орқали уй-жой массивларида электр энергиясидан оқилона фойдаланишга ўтиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақида Президентнинг 2025 йил 21 февралдаги фармони билан тасдиқланган “йўл харитаси”да айтиб ўтилган.

2025 йилда мамлакатда 135 минг хонадонли турар-жойлар қурилиши режалаштирилган. Уларнинг барчаси марказлаштирилган иситиш тизимига уланади. Хавфсизлик чоралари доирасида янги уйлардаги ошхоналар электр плиталар билан жиҳозланади.

Бундан ташқари, ҳокимликлар аҳоли пунктларида ички йўлларни ёритиш учун ишлатиладиган электр энергиясини икки баробар камайтиришни мақсад қилган. Шунга оид таклифлар 2025 йил 1 апрелгача Президент Администрациясига киритилиши лозим.

Шунингдек, 2025 йил апрелгача ҳар бир ҳудудда лифтларни қабул қилиш ва хизмат кўрсатиш бўйича камида иккита гуруҳ тузиш режалаштирилган. Махсус мутахассислар тайёрлаш учун эса ҳар бир ҳудудда камида 20 киши лифт ускуналарини техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш бўйича ўқитилади.

“Янги Ўзбекистон” ва бошқа турар-жой массивларида кўп қаватли уйлар қурилиши учун ажратилган маблағнинг камида 2% қисми атрофни кўкаламзорлаштиришга йўналтирилади. Ушбу ташаббусга оид ҳужжатни 2025 йил 1 июлгача Вазирлар Маҳкамасига киритиш топширилган.

Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги маълумотига кўра, жорий йилда техник ҳолати бўйича ҳисоб юритадиган “Турар-жой” миллий ахборот тизими яратилиши режалаштирилган.

Шунингдек, “Хавфсиз лифт” ягона платформаси жорий этилади. Бу тизим орқали 8942 та лифт техник кўрикдан ўтказилади. Беш йил ичида 2001 та лифт янгиланади, яна 382 та лифт тўлиқ таъмирланади.

Нега марказлаштирилган иситиш тизимига ўтиш керак?

Қурилиш вазирлиги маълумотига кўра, 2025 йилда Қорақалпоғистон, вилоятлар ва Тошкентда 120 минг хонадонли кўп қаватли уйлар қуриш режалаштирилган.

Президентнинг 9 декабрь 2021 йилдаги (ПФ-32) “Янги Ўзбекистон” турар-жой массивларини барпо этиш тўғрисидаги фармонига асосан, 29 минг хонадон марказлаштирилган иситиш тизими билан таъминланади.

Янги Тошкентда 15 минг хонадон тригенерация тизими орқали иситилади ва совутилади. Ушбу тизим бир вақтнинг ўзида электр энергияси, иссиқлик ва совуқ ҳаво ишлаб чиқаради.

Юқори уй-жой талабига эга ҳудудларда 91 минг хонадон қурилади. Марказлаштирилган иситиш тизимига эга ҳудудлардаги янги уйлар шаҳар қозонхоналарига уланади. Иситиш тизими мавжуд бўлмаган ҳудудларда эса янги қозонхоналар барпо этилади.

Марказлаштирилган қозонхоналарнинг афзалликлари

Қурилиш вазирлиги маълумотига кўра, бу тизим ёқилғи танлашда эркинлик беради (табиий газ, кўмир, мазут ва бошқалар), хавфсиз ва барқарор иссиқлик манбаини яратади, индивидуал қозонларга қараганда газ сарфини 2 баравар камайтиради.

Ёпиқ иситиш тизимига ўтиш режаси

Ҳукумат иситиш тизимини ёпиқ тизимга ўтказиш масаласини ҳам кўриб чиқмоқда. Бундай тизимда радиаторлар орқали фақат иссиқлик таъминланади, хўжалик учун иссиқ сув эса қўшимча иситиш ускуналари (бойлер, иссиқлик алмаштиргич) орқали таъминланади.

Ёпиқ тизим кўп қаватли уйлар ва ижтимоий объектларни янги иситиш схемасига улашни назарда тутади, бу ерда сув бевосита объектнинг ўзида иситилади. Бу иссиқлик энергиясидан самарали фойдаланиш ва ҳозирги иситиш тизимидаги йўқотишларни сезиларли даражада камайтириш имконини беради. Бундан ташқари, ёпиқ тизим шароитида аҳоли ўз хонадонларидаги иссиқликни мустақил бошқариши мумкин бўлади.