
Ўзбекистонда кўп квартирали уйларнинг техник ҳолати, ер участкалари, энергия ва сув истеъмоли тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олган «Турар-жой» миллий ахборот тизими босқичма-босқич жорий этилади. Бу ҳақда 2025 йил 14 январь куни президентга ўтказилган тақдимотда маълум қилинди.
Асосий янгиликлардан бири шундаки, уйни фойдаланишга топшириш фақат кадастр паспорти мавжуд бўлгандагина мумкин бўлади ва у «Турар-жой» тизимида автоматик равишда акс этади.
Бундан ташқари, қурувчилар ўрнатилган қуёш панелларини уйнинг умумий мулки сифатида бошқарув органига топширишлари шарт бўлади. Ушбу талаблар бажарилмаган тақдирда, объект фойдаланишга қабул қилинмайди.
2023 йил 1 майдан Ўзбекистонда фойдаланишга топширилаётган кўп қаватли уйлар томининг бўш қисмининг камида 50 фоизида қуёш панелларини ўрнатиш талаби жорий этилган эди.
Тақдимотда соҳани рақамлаштириш ва сунъий интеллект технологияларини жорий этишга алоҳида эътибор қаратилди. Биринчи навбатда, сунъий интеллект ечимларини бошқарув сервис компанияларининг диспетчерлик хизматларида қўллаш режалаштирилган. Бу фуқаролар мурожаатларини қайта ишлашни тезлаштириш ва кўрсатилаётган хизматлар сифатини ошириш имконини бериши кутилмоқда.
Институционал ислоҳотларнинг давоми сифатида 2026–2030 йилларда ҳокимликлар ҳузурида уй-жой коммунал соҳасини назорат қилиш бўйича ҳудудий инспекциялар ташкил этиш, уларнинг бюджетдан ташқари жамғармаларини шакллантириш, шунингдек, ҳокимнинг уй-жой коммунал хўжалиги бўйича ўринбосари лавозимини жорий этиш таклиф қилинди.
Тақдимот якунлари бўйича давлат раҳбари масъул шахсларга қисқа муддатларда соҳанинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш ҳамда ҳам уй-жой мулкдорлари, ҳам бошқарув сервис компаниялари учун иқтисодий жиҳатдан барқарор, шаффоф ва ўзаро манфаатли тизимни шакллантириш бўйича топшириқлар берди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда кўп қаватли уйларни бошқаришнинг кластер тизимини жорий этиш таклиф этилмоқда. Ҳуқуқий эксперимент 2026–2030 йилларга мўлжалланган. Уйлар рангли тоифаларга ажратилади. Бошқарув компанияларини аҳоли «Менинг уйим» тизимида овоз бериш орқали танлайди. Бошқарув компаниялари учун янги талаблар жорий этилади.
Аввалроқ сенаторлар Вазирлар Маҳкамасига бошқарув сервис компаниялари хизматлари сифати юзасидан сўров юборгани ҳақида хабар берилган эди. Бунга фуқароларнинг минглаб шикоятлари, бошқарув компанияларининг мулкдорлар иштирокисиз тайинланиши ва ҳисобдорликнинг йўқлиги сабаб бўлган. Сенат раҳбари буни «тўғридан-тўғри одамларнинг кайфияти билан боғлиқ жиддий масала» деб атаган эди.

