Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Жамият 12/08/2025

Янги Тошкентда Кореянинг марказлашган иситиш тизимини жорий этиш режалаштирилмоқда

Жанубий Кореянинг Korea District Heating Corporation (KDHC) компанияси Ўзбекистонда иситиш технологияларини жорий этишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда The Korea Times нашри хабар берди.

Ўзбекистоннинг Сеулдаги элчиси Алишер Абдусаламов KDHC президенти Чон Ён Ки билан учрашиб, «K-heating» ташаббусини муҳокама қилди. Бу – илғор ва экологик тоза марказлашган иситиш тизимларини Янги Тошкент ва Ўзбекистоннинг бошқа шаҳарларига экспорт қилиш бўйича стратегик лойиҳадир.

«KDHC’нинг Ўзбекистон энергетика соҳаси ривожига қўшаётган ҳиссасини юқори баҳолайман», – деб иқтибос келтиради нашр элчи сўзларидан. «K-Heating иситиш тизимини муваффақиятли жорий этиш учун бор кучимизни сарфлаймиз», – дея қўшимча қилди.

Корпорация яқинда Ўзбекистондаги лойиҳа бўйича махсус ишчи гуруҳини тузди ва бир қатор тадбирларни амалга оширмоқда, жумладан, эскирган иситиш инфратузилмасини модернизация қилиш бўйича маслаҳатлар бериш, Янги Тошкент учун инфратузилма режалаштиришига ёрдам бериш, кореялик экспортчилар билан эксперт давра суҳбатлари ўтказиш ва Ўзбекистон энергетика соҳасидан юқори лавозимли давлат хизматчилари учун таклифнома дастурларини ташкил этиш.

Чон Ён Ки Янги Тошкентда самарали ва барқарор иссиқлик таъминоти тармоғини яратиш зарурлигини таъкидлади ва Корея тажрибаси ҳамда технологияларини бўлишишга тайёр эканини билдирди.

У шунингдек, ўзбекистонлик мутахассисларни тайёрлаш учун «K-Heating Learning Program» ўқув дастурини йўлга қўйиш режаларини маълум қилди ва элчихонани кореялик компанияларга мамлакат энергетика бозорига киришларига ёрдам беришга чақирди.

Ташриф якунида элчи бошчилигидаги делегация KDHC’нинг Пангедаги (Кёнгидо вилояти) интеграциялашган бошқарув маркази ва иссиқлик электр марказига ташриф буюриб, Кореянинг марказлашган иситиш тизими иши билан танишди.

Нашрнинг маълумотига кўра, «K-Heating» лойиҳаси KDHC’нинг Ўзбекистон ва Қирғизистон каби Марказий Осиё, шунингдек, Мўғулистон бозорларига қаратилган кенг кўламли бизнес стратегиясининг бир қисмидир.

2024 йилда Ўзбекистон Қурилиш ва уй-жой-коммунал хўжалиги вазирлиги ҳамда KDHC ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланган эди. KSP (Knowledge Sharing Platform) билим алмашиш дастури доирасида томонлар марказлашган иссиқлик таъминоти соҳасида яқин ҳамкорлик қилишга келишиб олишди.

Эслатиб ўтамиз, Янги Тошкентда уйларни иситиш ва совутиш марказлашган тригенерация (электр, иссиқлик ва совуқни биргаликда ишлаб чиқариш жараёни) ҳисобига амалга оширилиши режалаштирилган. Бу ёз мавсумида электр энергияси истеъмолини 4 баробар қисқартириш имконини беради.

Аввалроқ, Франция тараққиёт агентлиги кўмагида Фарғона шаҳрида иссиқлик таъминоти тизими модернизация қилиниши ҳақида хабар берилган эди. 2027 йилдан 2029 йилгача Киргили турар жой мавзесида 76 км иссиқлик тармоқларини модернизация қилиш режалаштирилган. Лойиҳа қиймати 39,9 млн долларга баҳоланмоқда.