
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2025 йил 11 ноябрь куни Янги Тошкентда футбол стадиони қурилишининг биринчи тошини қўйиш маросимида иштирок этди, дея хабар берди давлат раҳбари матбуот хизмати.
Хабарда қайд этилишича, ҳозирда мамлакат ҳудудларида 75 та катта ва 302 та мини-стадион фаолият кўрсатмоқда. 2017 йилда мамлакатда ФИФА ва Осиё Футбол Конфедерацияси талабларига жавоб берадиган 3 та футбол майдони бўлган бўлса, бугунга келиб уларнинг сони 10 тадан ошди.
Юқори Чирчиқ туманида Миллий футбол маркази қурилиши якунланди. 65 мингдан ортиқ ёш спортчилар хорижий клублардан жалб қилинган мураббийлар ва спорт тиббиёти мутахассислари ёрдамида ихтисослаштирилган мактабларда футбол билан шуғулланмоқда.
Бугунги кунда 20 нафар ўзбекистонлик футболчи хориж клубларида тўп сурмоқда. Бу спортчиларнинг умумий трансфер нархи 60 миллион доллардан ошади, Ўзбекистон терма жамоаси ва Англиянинг «Манчестер Сити» клуби ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусанов эса Осиёнинг энг қиммат футболчисига айланди.
Президент ФИФА президенти Жанни Инфантино Ўзбекистонга яқинда қилган ташрифи чоғида футбол соҳасини бошқаришдаги инфратузилма ва ислоҳотларни юқори баҳолаганини маълум қилди.
ФИФА Кенгаши 2025 йил 2 октябрь куни 2027 йилда 20 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги жаҳон чемпионатини Ўзбекистон ва Озарбайжонда ўтказишни тасдиқлади. Ҳар бир мамлакатда чемпионат ўйинлари учта стадионда бўлиб ўтади. Ярим финал ва финал учрашувлари 50 мингдан ортиқ томошабинга мўлжалланган стадионда ўтказилиши керак – бу ФИФА талабларидан бири.
«Шу боис, биз миллий футболимиз учун муҳим бўлган – Янги Тошкентдаги стадион қурилишини бошлаяпмиз. Нега 100 миллион долларлик бу лойиҳа учун Янги Тошкент танланди? Чунки Янги Тошкент имкониятлар ва илғор ғоялар марказига айланади», – деди давлат раҳбари.
Спорт объекти табиий муҳитга интеграция қилиниб, «яшил энергия», «ақлли бошқарув» ва қулай шаҳар муҳитини яратиш тамойиллари асосида қурилади, дейилади хабарда.
Стадион ФИФАнинг барча талабларига мувофиқ қурилади ва Осиёдаги энг йирик ва технологик футбол объектларидан бири бўлиши кутилмоқда. У мамлакатдаги энг юқори – 55 минг томошабинга мўлжалланган сиғимга эга бўлади. Ҳозирда Ўзбекистондаги энг йирик стадионлар «Пахтакор» ва «Бунёдкор» бўлиб, улар мос равишда 35 минг ва 34 минг томошабинни сиғдира олади.
Чемпионатга тайёргарлик доирасида инфратузилма, транспорт, меҳмонхона хизматлари, тиббиёт ва кўнгиллилар ҳаракати бўйича вазифаларни белгилаб берувчи алоҳида давлат дастури тасдиқланади.
«Бугун пойдеворини қўяётган Янги Тошкент стадиони – эртанги ғалабаларимиз пойдевори. Ишончим комилки, бу стадион ёшларга илҳом манбаи, халқ фахри рамзи ва миллионлаб мухлислар учун катта совға бўлади», – деди президент.
Тадбир якунида президент Шавкат Мирзиёев пойдеворга капсула қўйди ва стадион қурилишига старт берди.

