Янги Тошкентда «Ар-Риёд» мавзеси қурилади

Янги Тошкент ҳудудида янги «Ар-Риёд» турар-жой мавзесини қуриш режалаштирилган. Бу ҳақда 2025 йил 15 октябрь куни Ўзбекистон президентининг Саудия компаниялари билан учрашувида «Al Majdiah» ва «First Avenue» компаниялари директорлар кенгаши раиси Абдусалом Ал-Мажид маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, лойиҳа ўзбекистонлик тадбиркорлар билан ҳамкорликда амалга оширилади.

«Биз сизнинг ишончингизни оқлаймиз», — деди у «Ўзбекистон 24» телеканали сюжетида Ўзбекистон президентига мурожаат қилар экан.

Президент Шавкат Мирзиёев лойиҳанинг рамзий маъносини қайд этди: «Агар биз Ар-Риёд мавзесини қурсак, бу икки халқни бирлаштирувчи кўприк бўлиб ҳам хизмат қилади», — деди давлат раҳбари.

2025 йил сентябрь ойида Янги Тошкентда бўлажак «Санкт-Петербург» мавзесининг учта меъморий концепцияси тақдим этилган эди. Якуний лойиҳа Россия шимолий пойтахти образларини ва замонавий қурилишни бирлаштиради. Қурилишни 2026 йил ўрталаридан бошлаш режалаштирилган.

Янги шаҳар қурилиши 2023 йилда бошланган. Жорий йил август ойида биринчи бинолар қад ростлади, режаларни амалга ошириш учун эса Юқори Чирчиқ ва Ўрта Чирчиқ туманларидан 19,7 минг гектар ер ажратилган. Лойиҳа концепцияси Британиянинг «Cross Works» компанияси томонидан ишлаб чиқилган.

Биринчи босқичда ишлар 600 минг киши яшаши учун шароит яратиладиган 6000 гектар майдонда олиб борилмоқда. Истиқболда шаҳар 2 миллион аҳолига мўлжалланган. Ҳозирда ер ости муҳандислик коммуникациялари — иссиқлик ва сув тармоқлари, электр таъминоти ва телекоммуникациялар учун коллекторлар, шунингдек, туннеллар ва ер ости автотураргоҳлари қурилмоқда.