Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Жамият 20/01/2026

Йўллар реконструкцияси ва «Янги Тошкент». Компенсация жамғармасидан қўшимча 150 млрд сўм қаерга йўналтирилади

2025 йилги давлат бюджетига киритилган ўзгартиришларни кўриб чиқиш жараёнида Олий Мажлис Сенати ер участкаларининг олиб қўйилиши ва мулкнинг бузилиши учун тўланадиган компенсацияларга эътибор қаратди. 2025 йил 18 декабрдаги мажлисда сенаторлар маблағлар мавжудлигига қарамай, қатор ҳудудларда қарздорликлар ва тўловларнинг кечикиши ҳолатлари сақланиб қолаётганини кўрсатиб ўтдилар.

Сенатор Сайёра Абдикаримова Иқтисодиёт ва молия вазирлиги вакилига юзланиб, киритилган ўзгартиришлар билан Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Жисмоний ва юридик шахсларга етказилган мулкий зарарларни компенсация қилиш бўйича республика мақсадли жамғармаси харажатлари 150 млрд сўмга (550 млрд сўмдан 700 млрд сўмгача) оширилаётганини қайд этди.

Маълумот учун: 2024 йилда харажатлар 500 млрд сўмдан 600 млрд сўмгача оширилган, 2023 йилда эса 650 млрд сўм ажратилган эди.

«Сенат ва сенаторлар томонидан жойларда ўтказилган ўрганишлар давомида айрим ҳолларда ер участкалари олиб қўйилганлиги ва мулк бузилганлиги учун компенсациялар тўлиқ ёки ўз вақтида тўланмаганлиги фактлари аниқланди», — деди.

Унинг сўзларига кўра, айрим ҳудудларда жамғармада маблағ бўлса-да, компенсациялар бўйича қарздорлик сақланиб қолмоқда.

«Шу муносабат билан савол туғилади: жамғарма харажатларининг оширилиши мавжуд қарздорликнинг қайси қисмини қоплайди, шунингдек, вазирлик қарздорликни тўлиқ бартараф этиш учун қандай чоралар кўрмоқда? Бундан ташқари, жамғарма маблағларидан фойдаланиш қанчалик мақсадли ва манзилли эканлиги ҳақида маълумот беришингизни сўрайман», — деди Абдикаримова.

«Республика жамғармасида қарздорлик юзага келмайди»

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Маҳаллий бюджетлар тизимини такомиллаштириш департаменти директори Русланбек Маманов 2022 йилда «Ер участкаларини компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш тартиб-таомиллари тўғрисида»ги қонун қабул қилинганини эслатиб ўтди. Ҳужжатга кўра, жамғарма маблағлари Вазирлар Маҳкамаси қарорлари асосида йўналтирилади.

«Асосан улар йирик инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш доирасида ерларни олиб қўйиш билан боғлиқ компенсация тўловлари учун ишлатилади», — деди.

Унинг сўзларига кўра, қўшимча 150 млрд сўм ажратиш зарурияти бир нечта йирик лойиҳаларни амалга ошириш билан боғлиқ, жумладан:

  • 68 млрд сўм — Самарқанд вилоятида Абу-Даби тараққиёт жамғармаси маблағлари ҳисобидан автомобиль йўллари, кўприклар, йўл ўтказгичлар ва туннелларни қуриш ҳамда реконструкция қилиш доирасида;
  • 58 млрд сўм — Термиз шаҳрида 4R23 автомобиль йўлининг (316 км) бир қисмини реконструкция қилиш ва «Султонсаодат» мажмуасини Ҳаким Термизий номидаги мажмуа билан боғлайдиган янги йўл қурилиши доирасида;
  • 67 млрд сўм — «Янги Ўзбекистон» кўчасининг R12 автомобиль йўли билан кесишмасида йўл ўтказгич ҳамда Янги Тошкентни пойтахт билан боғлайдиган йўл қурилиши муносабати билан.

У амалдаги тартибга кўра, республика жамғармаси маблағлари ҳудудий жамғармаларга фақат мулкдорлар билан тўлиқ келишувга эришилгандан кейин ўтказилишини таъкидлади.

«Шундан келиб чиқиб, Республика компенсация жамғармасида мажбуриятлар бўйича қарздорлик юзага келмайди. Яъни, вазирлик қарори қабул қилинганидан ва маҳаллий ҳокимликлар ҳамда мулкдорлар ўртасида келишувга эришилганидан сўнг, компенсациянинг барча суммаси республика жамғармасидан ҳудудий жамғармага тўлов учун тўлиқ ўтказиб берилади», — деди.

Сенатор томонидан Қашқадарё ва Хоразм вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳри бўйича келтирилган мисолларга изоҳ берар экан, вазирлик вакили жорий йилда қуйидаги маблағлар тўланганини маълум қилди:

  • Хоразм вилоятида — 10 млрд сўм;
  • Қашқадарё вилоятида — 4 млрд сўм;
  • Тошкент шаҳрида — 90 млрд сўм.

«Ҳозирги вақтда ушбу жамғармаларда етарли маблағлар мавжуд. Қолган қарздорлик маҳаллий ҳокимликлар ва мулкдорлар ўртасидаги баҳсли масалалар билан боғлиқ бўлиб, улар бўйича суд жараёнлари давом этмоқда. Бундай ҳолларда тўловлар суднинг якуний қарори кучга кирганидан кейин амалга оширилади, шу сабабли кечикишлар бўлиши мумкин», — дея тушунтирди Маманов.

Назорат ҳақидаги саволга жавоб берар экан, у сенаторлар ташаббуси ва президент топшириқлари асосида бюджет қонунчилигига компенсация тўловлари бўйича қарздорлик мавжуд бўлганда маҳаллий бюджетларнинг қўшимча даромадларини бошқа мақсадларга йўналтиришни тақиқловчи норма киритилганини эслатди.

«Бизнинг бюджет назорати электрон тизимимизда тегишли чекловлар ўрнатилган. Агар ҳудудий компенсация жамғармасида қарздорлик мавжуд бўлса ва маблағ етарли бўлмаса, маҳаллий бюджетнинг қўшимча маблағлари бошқа йўналишларга қайта йўналтирилиши мумкин эмас», — деди.

Бундан ташқари, унинг сўзларига кўра, вазиятни мониторинг қилиш ва компенсацияларнинг ўз вақтида тўланишини назорат қилиш учун ҳудудий компенсация комиссиялари ташкил этилган.

Эслатиб ўтамиз, президент 2025 йилги давлат бюджетига давлат харажатларини 3,43 млрд долларга оширишни назарда тутувчи ўзгартиришларни тасдиқлади. Бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақини ошириш учун икки баравар кўп маблағ ажратилди — индексация вақтлироқ ва каттароқ ҳажмда амалга оширилди. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва куч ишлатар тузилмалар харажатлари 1,5 млрд долларга оширилди.

2024 йил август ойида Ўзбекистон президенти ер сотувидан тушган маблағларни бизнеснинг кўчмас мулки бузилиши учун компенсация тўлашга йўналтиришни таклиф қилган эди.