Янги Тошкентда ҳудуднинг 30% боғ ва хиёбонларга ажратилади — дирекция

Янги Тошкент қурилиши доирасида биринчи босқичда ҳудуднинг 30% боғ ва хиёбонларга ажратилиши режалаштирилган. Бу ҳақда «Янги Тошкент» дирекцияси матбуот хизмати раҳбари Шаҳноза Нурматова Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида бўлиб ўтган брифингда маълум қилди.

Дирекция вакилининг таъкидлашича, Янги Тошкентда инсон манфаатларига йўналтирилган шаҳар дизайни концепцияси амалга оширилади. Бундай ёндашув аҳолининг ҳаёти учун қулай ва хавфсиз муҳит яратишга қаратилган, деди у.

Хусусан, шаҳар аҳолиси барча зарур хизматларга пиёда ёки велосипедда 15 дақиқада етиб олиши мумкин бўлади. Шахсий автомобилга қарамликни камайтириш мақсадида жамоат транспорти, пиёдалар зоналари ва велосипед йўлларини ривожлантириш режалаштирилган.

«Транспортнинг турли хилларининг ўзаро боғлиқлиги аҳолининг ҳаракатланиш эркинлигини таъминлайди», — деди Шаҳноза Нурматова.

Биноларда иссиқ ёз кунларида салқинликни сақлашга ёрдам берадиган «яшил томлар» технологияси жорий этилади. Дирекциянинг қайд этишича, бу ечим шаҳарнинг иқлимга чидамлилигини оширади ва энергия тежамкорлигини таъминлайди.

Янги Тошкентда халқаро тан олинган яшил қурилиш стандартлари қўлланилиши кутилмоқда.

Шу билан бирга, халқаро экологик стандартлар бўйича сертификатлаш режалаштирилган:

  • LEED (Leadership in Energy and Environmental Design) — АҚШда ишлаб чиқилган яшил қурилиш стандарти ва биноларнинг экологик тозалигини баҳолаш тизими. Хона ичидаги ҳаво сифатидан тортиб ресурсларни тежашгача бўлган мезонлар ўрганилади.
  • BREEAM (Building Research Establishment Environmental Assessment Method) — Британиянинг қурилиш сифатини баҳолаш тизими. Бино қурилишида атроф-муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлиш, унда яшаш ёки ишлаш қулайлиги ва унинг қанчалик тўғри бошқарилиши баҳоланади.
  • EDGE (Excellence in Design for Greater Efficiencies) — яшил қурилиш стандарти ва унинг халқаро сертификатлаш тизими. EDGE Жаҳон банки гуруҳига аъзо бўлган Халқаро молия корпорацияси (IFC) томонидан яратилган бўлиб, камроқ энергия ва сув ресурсларидан фойдаланиш учун лойиҳаларни оптималлаштириш имконини беради.

Дирекция маълумотларига кўра, шаҳарнинг энергия таъминоти деярли тўлиқ қайта тикланувчи энергия манбаларига асосланади. Биринчи босқичда пахта пояларидан олинадиган биоёқилғида ишловчи тригенерация қурилмаси ишга туширилади. Ушбу объект 50 МВт иссиқлик ва 27 МВт электр энергиясини таъминлайди.

Қуёш ва гидроэлектр станциялари туфайли шаҳарга 1 ГВтдан ортиқ «яшил» энергия етказиб берилиши кутилмоқда. Электр таъминотининг узлуксизлигини таъминлаш учун энергия сақлаш тизимлари ўрнатилади.

Бундан ташқари, дирекция Янги Тошкентдаги бинолар энергия ва сув истеъмоли бўйича анъанавий биноларга нисбатан 20-30%га самаралироқ бўлишини режалаштирмоқда. Энергия тежамкор ечимлар ҳисобига йилига 900 млн кВт⋅соат электр энергияси ва сувни тежаш технологиялари туфайли 4 млн куб метр сув тежалади.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Янги Тошкент шаҳрини қуриш дирекцияси шаҳарсозлик ҳужжатларини тайёрлаш бўлими бошлиғи Саидазим Шарипов, лойиҳа газлаштиришни назарда тутмаслигини айтган эди.

Янги Тошкент Тошкент вилоятининг Ўртачирчиқ ва Юқоричирчиқ туманлари ҳудудида жойлашади. Шаҳар бир миллион аҳолига мўлжалланган. 2024 йил ноябрида президент Шавкат Мирзиёев давлат ижро этувчи ҳокимият органларини Янги Тошкентга кўчириш режалари ҳақида гапирган эди.