
Президент Шавкат Мирзиёев 2025 йил 30 декабрь куни Янги Тошкент барпо этилиши билан танишар экан, Чирчиқ дарёси устида қурилаётган янги кўприк ҳамда метро бекати билан бирлаштирилган автотураргоҳ қурилишини кўздан кечирди, деб хабар берди давлат раҳбари матбуот хизмати.
Янги кўприк Тошкент ва Янги Тошкентни боғлайди. Унинг ўтказувчанлик қобилияти суткасига 40−50 минг автомобилни ташкил этади. Қурилиш ишлари 2025 йилнинг якунида бошланган.
Лойиҳа доирасида соҳилбўйи ҳудудларини кўкаламзорлаштириш, энергия тежамкор ёритиш тизимларини ўрнатиш, пиёдалар ва велосипед йўлакларини қуриш режалаштирилган.
Кўприк орқали, шунингдек, икки йўлакли трамвай линияси ҳам ўтиши керак, дейилади хабарда.
Аввалроқ хабар берилганидек, бўлажак метро линиясининг узунлиги 21 км бўлиб, у 9 та бекатдан иборат бўлади. Линия кунига 230 минг йўловчига хизмат кўрсатиши мумкин.
«Линия пойтахт метрополитенининг мавжуд тармоғи билан тўлиқ интеграция қилиниб, ягона ва узлуксиз транспорт тизимини ташкил этади», — дейилади хабарда.
Давлат раҳбари бўлажак линиянинг майдони 20 минг кв. м бўлган автотураргоҳ билан бирлаштириладиган бекатларидан бирининг қурилиш жараёни билан танишди.
Ҳозирги вақтда ҳудудда ер ишлари ва бетон қуйиш жараёнлари амалга оширилмоқда. Мажмуани 2027 йилда фойдаланишга топшириш режалаштирилган.

