
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 15 октябрь куни Тошкент вилоятида янги халқаро аэропорт қурилиши бошланишига бағишланган маросимда иштирок этди, деб хабар берди давлат раҳбари матбуот хизмати.
Хабарда қайд этилишича, сўнгги 8 йил ичида пойтахтга йўловчилар оқими 3 баравар ошиб, йилига 9 миллион кишига етган, 2040 йилга бориб эса 24 миллиондан ошиши кутилмоқда.
Ҳозирда ишлаб турган, йилига 11 миллион йўловчига мўлжалланган ва шаҳар ҳудудида жойлашган аэропортни кенгайтириш имконияти йўқ. Шу боис, Ўрта Чирчиқ ва Қуйи Чирчиқ туманлари ҳудудида, 1300 гектар майдонда янги халқаро аэропорт қуришга қарор қилинди.
Лойиҳа давлат-хусусий шериклик доирасида амалга оширилади. Хусусий ҳамкорлар сифатида Vision Invest компанияси (Саудия Арабистони), лойиҳага «ўн миллиардлаб иена» сармоя киритадиган Sojitz савдо уйи (Япония), шунингдек Incheon International Airport Corporation (Корея Республикаси) иштирок этади.
Лойиҳа 4 босқичга мўлжалланган. Биринчи босқичда қиймати 2,5 млрд доллар бўлган аэровокзал мажмуаси ва аэродром қурилади.
Қурилиш якунлангандан сўнг аэропорт ҳар йили 20 миллион нафаргача йўловчига ва 129 минг тонна юкка хизмат кўрсатиши, соатига 30 тагача учиш ва қўниш амалиётини бажариши, 14 та телескопик трапдан фойдаланиши ва бир вақтнинг ўзида 62 та самолётни жойлаштириши мумкин бўлади. Duty free зонаси 46 минг квадрат метр майдонни эгаллайди.
Атроф-муҳит барқарорлигига алоҳида эътибор қаратилган: аэропорт тўлиқ қайта тикланувчи энергия манбалари билан таъминланади ва мамлакатда 100% «яшил» энергияда ишлайдиган биринчи аэропортга айланади.
Замонавий аеронавигация ва метеорологик техник тизимлар ҳар қандай об-ҳаво шароитида самолётларни қабул қилиш имконини беради.
«Минтақавий авиация хаби»
Аэропортнинг қурилиши мультимодал транспорт тугунини шакллантиришнинг бир қисми бўлади. Янги мажмуа Тошкент – Самарқанд, Тошкент – Андижон ва Тошкент – Бўстонлиқ автомагистраллари билан тўғридан-тўғри боғланади.
Бу ерда тезюрар поездлар ҳаракатланадиган замонавий темир йўл станцияси ҳам қурилади, Тошкент маркази ва Янги Тошкент марказлари ўртасида эса шаттл-транспорт қатнови йўлга қўйилади.
Лойиҳа мамлакатга 27 млрд доллардан зиёд даромад келтириши, хизматлар, саноат ва туризм соҳаларини ривожлантиришга, шунингдек, минглаб янги иш ўринларини яратишга хизмат қилиши режалаштирилган.
Аэропорт Сингапур, Дубай ва Сеул даражасидаги транспорт инфратузилмасига айланиши айтилган.
Президент аэропорт қурилиши Ўзбекистонни «Шарқ ва Ғарб, Шимол ва Жанубни боғловчи» минтақавий авиация хабига айлантириш учун пойдевор яратишини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, яқин беш йилда мамлакат авиапаркидаги самолётлар сони 180 тага, йўналишлар сони 230 тагача кўпаяди, парвозлар ҳажми эса йилига 200 мингта рейсни ташкил этади.
Давлат раҳбари янги Тошкент халқаро аэропорти пойдеворига капсула қўйиб, унинг қурилишига расмий старт берди. У тадбирда иштирок этган хорижий ҳамкорларга, молия институтлари ва туризм компаниялари вакилларига миннатдорчилик билдирди, шунингдек, муҳандис ва қурувчиларга ишонч билдирди.
Vision Invest — 2002 йилда ташкил этилган, энергетика, сув таъминоти, қурилиш ва транспорт соҳаларида 50 млрд доллардан ортиқ активларга эга инфратузилма холдинги. Улар орасида ACWA Power компанияси, Saudi Tabreed совутиш ечимлари етказиб берувчиси ва Miahona сув таъминоти тизимлари оператори мавжуд. Компания бошқарувидаги активлар қиймати 96 млрд доллар.
Sojitz Corporation — 2004 йилда ташкил этилган Япония корпорацияси. Энергетика, инфратузилма, саноат, қишлоқ хўжалиги ва соғлиқни сақлаш соҳаларига ихтисослашган. Умумий активлар суммаси 19,2 млрд доллар, ходимлар сони 25,3 минг киши. Аввалроқ Sojitz Тошкентда янги халқаро аэропорт қурилишига 200 млн доллар инвестиция киритишни режалаштираётганини маълум қилган эди. Компаниянинг Ўзбекистондаги лойиҳаларга киритадиган умумий инвестиция ҳажми 1 млрд долларга етиши мумкин.
Incheon International Airport Corporation Корея Республикасининг энг йирик ҳаво дарвозасини бошқаради ва дунёдаги энг гавжум ҳамда технологик жиҳатдан жиҳозланган аэропортлар қаторига киради. 2024 йил якунларига кўра, аэропортнинг йўловчилар оқими 70 миллион кишидан ошди. Компания «Урганч» халқаро аэропортини модернизация қилиш бўйича ўтказилган тендерда ғолиб бўлган. У аэропортни 2047 йилгача бошқаради ва 115 млн доллар инвестиция киритади.
Тарих
Ҳали 2012 йили Тошкентни 2030 йилгача ривожлантириш истиқболли режаси лойиҳаси ҳақида обзор эълон қилинган эди. Лойиҳада аэропортни пойтахтдан 45 км жанубда, Жиззах томонга янги ҳудудга кўчириш таклиф этилган. Ҳужжатда аэропортни шаҳар чегарасидан ташқарига олиб чиқиш масаласи шаҳарсозлик ва экологик талаблар бўйича 1970 йилдан бери кўтарилаётгани қайд этилган.
Аэропортни кўчириш масаласи сўнгги йилларда ҳам муҳокама қилинган. 2020 йил февраль ойида Uzbekistan Airports компаниясининг ўша пайтдаги раҳбари Равшан Исмоилов шундай деган эди: «Тошкент аэропорти шаҳар марказига яқин жойлашган. Истиқболда уни Ангрен ёки Чиноз томонга 30–35 км узоқликка кўчириш режаси бор. Лекин бу истиқболда».
2022 йил ёзида Uzbekistan Airports собиқ раиси Раъно Жўраева компания томонидан тайёрланган мамлакат аэропортларини 2035 йилгача ривожлантириш стратегиясида Тошкентда шаҳардан 30 км узоқликда янги аэропорт қуриш ва уни халқаро хаб сифатида ривожлантириш таклиф этилганини маълум қилган эди. У ҳаво дарвозасининг қуввати (ўтказиш қобилиятини ошириш мақсадида реконструкцияни ҳисобга олган ҳолда) янги учиш-қўниш йўлакларини қуриш имконияти йўқлиги сабабли кўпи билан 2027 йилгача етишини таъкидлаган.
2023 йил май ойида Сингапурнинг Changi Airports International компанияси Тошкентда янги аэропорт қурилишининг техник-иқтисодий асосларини ишлаб чиқишга ёрдам бериши, шунингдек, амалдаги аэропорт ишини оптималлаштириш бўйича маслаҳатлар бериши хабар қилинган эди.
2025 йил 1 август куни Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент вилоятида пойтахтнинг янги аэропортини қуриш режалари билан танишди. Транспорт вазири Илҳом Маҳкамов янги аэропорт амалдагисидан 17 км жанубда жойлашишини маълум қилди. Кейинроқ Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев ҳаво дарвозаси Ўрта Чирчиқ туманида 1200 гектар майдонда жойлаштирилиши мумкинлигини айтган.