
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2025 йил 17 ноябрь куни илғор тажриба ва технологиялар асосида пахтачилик самарадорлигини ошириш бўйича таклиотлар тақдимоти билан танишди.
Давлат раҳбари матбуот хизмати маълумотларига кўра, қишлоқ хўжалиги Ўзбекистон иқтисодиётида муҳим ўрин тутади: соҳа ЯИМнинг 20%ни ташкил этади, ҳар йили 467 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқаради ва 3,5 миллион кишини иш билан таъминлайди. Шу билан бирга, янги ва қайта ишланган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари мамлакат экспортининг учдан бир қисмини ташкил қилади.
Тақдимотда пахтачиликда ҳосилдорликни ошириш бўйича чора-тадбирлар тақдим этилди. Самарадорлиги паст хўжаликлар билан манзилли ишлаш, илғор агротехнологиялар, ўсимликларни озиқлантиришнинг замонавий усулларини жорий этиш, шунингдек, агрономларни тайёрлаш тизимини чуқур ислоҳ қилиш режалаштирилган.
Таклифлардан бири устозлик институтини жорий этиш бўлди:
- 60 центнердан ортиқ ҳосилдорликка эга тажрибали фермерлар ҳосилдорлиги 30 центнердан кам бўлган хўжаликларга бириктирилади;
- устозлар Қишлоқ хўжалиги кадрлари малакасини ошириш институтида қайта тайёргарликдан ўтади ва сертификат олади;
- агар шогирд фермер гектаридан 50 центнер ҳосилдорликка эришса, устозга 5 миллион сўм мукофот тўланади.
Мутахассислар тайёрлашни ислоҳ қилиш учун Аграр университети ва бошқа профилли олийгоҳлар битирувчилари учун 2 йиллик дуал таълим тизими жорий этилади.
Илғор кластерлар ва фермер хўжаликларида амалиёт ўтаётган талабаларга стипендия берилади.
Талабаларни жойларда ўқитаётган ўқитувчи ва мутахассислар учун рағбатлантирувчи тўловлар назарда тутилади.
Президент маҳаллий пахта навларини яратиш масаласини ҳам муҳокама қилди. Бугунги кунда мамлакатда иккита илмий муассаса — Геномика ва биоинформатика маркази ҳамда Пахтачилик институти фаолият юритмоқда, бироқ уларнинг салоҳиятидан етарлича фойдаланилмаяпти.
Янги навларни яратишни тезлаштириш учун президент бу институтларда фитотрон ва репродукцион иссиқхона қуришни топширди. Бу янги маҳаллий навларни яратиш муддатини 2,5 бараварга қисқартириши ва уруғ импортидан воз кечиш имконини бериши керак.
Қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов пахтани плёнка остида етиштириш технологиясини кенгайтириш режаларини тақдим этди.
Президент агродронларни қўллашни кенгайтириш ва бу соҳада мутахассислар тайёрлаш муҳимлигини таъкидлади.

