
Тошкент ҳокимлиги Янги Ўзбекистон кўчасидаги лойиҳаларни амалга ошириш учун 81,5 млрд сўм ажратмоқда. Бу Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умурзоқовнинг 4 июндаги қарорида назарда тутилган.
Маблағлар Шаҳар ривожлантириш жамғармасидан Янги Ўзбекистон кўчаси бўйлаб захира ер фондига ўтказилган ер участкалари эгалари ва фермер хўжаликларига компенсация тўлаш, пиёда ва велосипед йўлаклари қуриш, сайилгоҳлар ва фавворалар ташкил этиш, шунингдек, ободонлаштириш ишларини ўтказиш учун ажратилади.
Молиялаштириш Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 30 июндаги “Янги Ўзбекистон кўчаси йўл бўйи инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори доирасида амалга оширилмоқда.
Маблағлар “Янги Ўзбекистон кўчаси” ишбилармонлик марказини қуриш ва ундан фойдаланиш Дирекцияси ҳисоб рақамига ўтказилади.
2022 йил апрель ойида Президент Шавкат Мирзиёев умумий майдони 610 гектар бўлган Янги Ўзбекистон кўчаси лойиҳасини маъқуллаган эди. У ерда 4 хил вариантдаги 4 қаватли уйлар, меҳмонхоналар, кинотеатрлар, ресторанлардан иборат замонавий мажмуалар қурилиши режалаштирилган. Ҳокимият мутахассиси кўча архитектурасини “эволюцион” деб атади. Шунингдек, у ерда нафақат ўтиш функциясига эга, балки кузатув майдончаси бўлган ер усти ўтиш жойларини яратиш бўйича топшириқлар берилганини таъкидлади.
2024 йилнинг сентябрь ойида давлат раҳбари Янги Ўзбекистон кўчасини кўкаламзорлаштириш режаси билан танишди. У ерда чинор, эман, каталпа, сарв ва лаванда экиш режалаштирилган. Бу ерда экология ва маданий элементлар уйғунлашиши керак, деди у.