
Президент фармони билан Эъзозхон Ғопиржоновна Каримова Ўзбекистон Мактабгача ва мактаб таълими вазири лавозимига тасдиқланди. Бу ҳақда давлат раҳбарининг матбуот котиби Шерзод Асадов хабар берди.
Аввалроқ унинг номзоди 2025 йил 31 июль куни Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан маъқулланган эди. Парламент қуйи палатаси матбуот хизмати хабарига кўра, ҳукумат аъзолигига номзод таълим тизимидаги ислоҳотлар самарадорлигини ошириш бўйича ҳаракат дастурини тақдим этган, бироқ жараён анъанавий тарзда жамоатчилик учун трансляция қилинмаган.
Бу лавозимда у 2022 йилдан буён ММТВга раҳбарлик қилиб келган ва 2025 йил 14 июль куни Президент Администрацияси раҳбарининг таълим тизимини ислоҳ қилиш бўйича ўринбосари лавозимига ўтган Ҳилола Умарованинг ўрнини эгаллади.
2025 йил май ойидан бошлаб Каримова Низомий номидаги Миллий педагогика университети ректори вазифасини бажариб, педагогик таълимни ривожлантириш масалалари бўйича вазир ўринбосари лавозимида фаолият юритган.
Бунга қадар у таълим тизимида бир қатор лавозимларда ишлаган. 2021 йилда Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги бўлим бошлиғи, 2021-2023 йилларда Президент таълим муассасалари агентлиги директори маслаҳатчиси лавозимларида фаолият юритган.
2023-2024 йилларда «Янги Ўзбекистон» университетида ёшлар ва маънавий-маърифий ишлар бўйича проректор лавозимида ишлаган.
Эъзозхон Каримова 1973 йилда Наманган туманида хизматчи оиласида туғилган. 1990 йилда Ҳамид Олимжон номидаги ўрта мактабни аъло баҳолар билан тамомлаб, Тошкент давлат университетининг фалсафа факультетига ўқишга кирган.
1996 йилда университетни тамомлаб, аспирантурада қолган. 2003 йилда Ўзбекистон Фанлар академияси ҳузуридаги И.Мўминов номидаги Фалсафа институтида «ижтимоий психология ва социология» ихтисослиги бўйича номзодлик диссертациясини ҳимоя қилиб, социология фанлари номзоди илмий даражасини олган.
2004 йилда Тошкент ахборот технологиялари университетининг Маънавият ва маърифат марказига раҳбарлик қилган.
2005 йилда Президент ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академиясида таҳсил олган.