Damas деярли 30 йил ичида илк бор тўлиқ янгиланмоқда

UzAuto Motors бозорга иккита янги модель — юк ташувчи Chevrolet Damas Max ва йўловчи ташувчи Chevrolet Damas Move чиқарилишини эълон қилди. Бу Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган оммабоп микровэн моделининг деярли 30 йил ичида илк бор тўлиқ янгиланишидир.

Шу билан бирга, Damas’нинг аввалги версиясини ишлаб чиқариш давом эттирилади ва у барча Chevrolet дилерлик марказларида ҳамон сотувда бўлади, деб хабар берди компания.

Damas Move эндиликда «қулайлик, сиғим, хавфсизлик ва функционаллик бўйича замонавий талабларга тўлиқ жавоб беради» ҳамда яхшиланган техник хусусиятларга эга, дейилади хабарда. Сўнгги ўн йилликларда жамоат транспорти ёмонлашган шароитда бутун мамлакат бўйлаб йўналишли такси сифатида фаол фойдаланилган аввалги модель хавфсизлик талабларига жавоб бермаслиги сабабли танқид қилиб келинар эди.

Автомобиль 7 нафар йўловчига мўлжалланган ва механик узатмалар қутисига эга икки хил атмосферали двигатель вариантида тақдим этилган — 81 от кучига эга 1,2 литрли (5 босқичли қути) ва 103 от кучига эга 1,5 литрли (6 босқичли қути). Машинада учинчи қатор ўриндиқлари ортида ҳажми 496 литр бўлган юкхона пайдо бўлди.

Damas Max модели 650 кг гача юк кўтариш қобилиятига ва юк бўлмасида 3 куб метрдан ортиқ фойдали майдонга эга.

Ҳар икки моделнинг базавий комплектациясига ҳайдовчи ва олди йўловчи хавфсизлик ёстиқчалари, электрон барқарорлаштириш тизимига эга ABS + EBD, марказий қулф, масофадан бошқариладиган калит киради. Иқлим қулайлиги Move комплектациясида икки ҳудудли кондиционер, Max комплектациясида эса бир ҳудудли кондиционер орқали таъминланади. Иккала версия ҳам ўғирликка қарши тизим ва штатдаги сигнализация билан жиҳозланган.

Олди осма мустақил Макферсон типида, орқаси эса қарам рессорли. Олди тормозлар дискли, орқаси — барабанли. Руль бошқаруви электр кучайтиргич билан жиҳозланган.

Damas’даги ўзгаришлар (аввалгиси билан солиштирганда):

  • двигатель қуввати — 81 ва 103 от кучи (43 ва 65 от кучига кўпроқ);
  • юк кўтариш қобилияти — 650 кг (+250 кг);
  • юк версиясидаги юк бўлмаси ҳажми — 3050 литр (+850);
  • ғилдираклар базаси — 2850 мм (+1010 мм);
  • узунлиги — 4425 мм (+930 мм);
  • кенглиги — 1670 мм (+270 мм).

Тавсия этилган чакана нархлар:

  • DAMAS MAX VAN 1.2 LV0 — 134 439 000 сўм;
  • DAMAS MAX VAN 1.5 LV0 — 142 471 000 сўм;
  • DAMAS MOVE PAS 1.2 LV0 — 139 675 000 сўм;
  • DAMAS MOVE PAS 1.2 LV1 — 144 563 000 сўм;
  • DAMAS MOVE PAS 1.5 LV0 — 149 011 000 сўм;
  • DAMAS MOVE PAS 1.5 LV1 — 154 128 000 сўм.

Сотувлар бошланиш санаси ҳозирча очиқланмаган.