
Марказий банк раиси Тимур Ишметов 2026 йил 28 январь куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида нима учун Yangi Bank’ни тугатиш тўғрисидаги қарор айнан 15 январда қабул қилингани, шунингдек, аниқланган қоидабузарликларга қарамай, нима учун шу пайтгача регулятор банкнинг актив ва пассив операцияларини тўхтатиб қўймаганига изоҳ берди.
Журналистнинг саволига жавоб берар экан, МБ раҳбари банкнинг ёпилиши регулятор томонидан охирги чора сифатида кўрилишини таъкидлади.
«Авваламбор шуни айтмоқчиманки, ҳар қандай банкнинг ёпилиши — ўта оғриқли масала. Биз учун бундай қарорни қабул қилиш доимо жуда қийин. Албатта, баъзан бундай қарорлар қабул қилинишига тўғри келади, лекин имкон қадар биз доимо банкни ёпиш эмас, балки соғломлаштириш чораларини кўришга ҳаракат қиламиз. Чунки ҳар қандай банкнинг ёпилиши табиийки умуман банк тизимига нисбатан салбий муносабатни шакллантиради», — деди.
Унинг сўзларига кўра, энг кам устав капиталини 500 млрд сўмга етказиш талаби 2025 йилдан кучга кирган, бироқ бир қатор банкларга ушбу нормани бажариш учун қўшимча вақт берилган эди.
«Нима учун банк олдинроқ ёпилмаганлигига келсак: айтиб ўтганимиздек, биз ёпиш тарафдори эмасмиз. Қонунчилик билан муайян муддатлар кўзда тутилган эди. Капиталини ўз вақтида талаб этилган даражага етказа олмаган банкларга қўшимча вақт берилди ва бу фақат Yangi Bank’га тегишли эмас эди. Аммо фақат Yangi Bank ушбу талабни бажара олмади», — дея қайд этди Тимур Ишметов.
Унинг айтишича, 2025 йил бошида Yangi Bank акциядорлари регуляторга ўзларининг бошқа бизнесларидан олинадиган активлар ҳисобига 1−2 чорак давомида докапитализация қилиш режаларини тақдим этган.
«Биз уларга фаолиятни давом эттириш имкониятини бердик. Яъни, биз ҳар доим максимал даражада банкнинг иши давом этиши тарафдори бўлиб чиқамиз. Бироқ ваъда қилинган муддат тугаганидан кейин ҳам капитализация амалга оширилмади, шу билан бирга биз унинг молиявий аҳволи ёмонлашаётганини кузатдик. Шунинг учун қарор айнан шу вақтда қабул қилинди», — деди МБ раиси.
У тугатиш тўғрисидаги қарор банкнинг молиявий ҳолати критик даражага етгунига қадар қабул қилинганини таъкидлади.
«Биз бу қарорни банк активлари мажбуриятларни бажариш учун зарур бўлган даражадан пастга тушиб кетмаган пайтда қабул қилдик. Бугунги кунда банкда активлар мавжуд: уларнинг бир қисми — ликвидли, пул маблағлари бор, бошқа банкларга сотиш орқали реализация қилиш мумкин бўлган портфели бор. Камроқ ликвидли активлар ҳам мавжуд», — деди Ишметов.
Бундан ташқари, банкни бошқа инвесторларга сотиш имконияти ҳам кўриб чиқилган.
«Қарор қабул қилинишига, биринчидан, акциядорлар томонидан докапитализация қилиш имконияти йўқлигига ишонч ҳосил қилганимиз сабаб бўлди. Иккинчидан, банкни бошқа потенциал инвесторларга сотиш масаласи кўриб чиқилди, норасмий музокаралар олиб борилди, лекин инвесторлар топилмади», — деди.
Марказий банк раҳбарининг сўзларига кўра, қарорни янада кечиктириш мижозлар олдидаги мажбуриятларнинг бажарилмай қолиш хавфини келтириб чиқариши мумкин эди.
«Бир томондан капитализациянинг имконсизлиги, иккинчи томондан эса жараённинг чўзилиши активлар мажбуриятларни тўлиқ бажариш учун етарли бўлмай қоладиган вазиятга олиб келиши мумкинлигини ҳисобга олиб, қарор айнан ҳозир қабул қилинди», — дея баёнот берди Тимур Ишметов.
Шунингдек, у омонатчиларни ҳимоя қилиш чоралари ҳақида эслатиб ўтди. Биринчи навбатда уларнинг реестри шакллантирилган. Ҳозирда Омонатларни кафолатлаш агентлиги иш бошламоқда. Қонунга кўра, 200 млн сўмгача бўлган маблағлар 15 кун ичида қайтарилади.
«Қолган мажбуриятлар бўйича тугатиш комиссияси ишлайди, у банк мажбуриятларини қоплаш учун активларни сотиш билан шуғулланади», — деди Марказий банк раиси.
У регуляторнинг устувор вазифаси мижозларга маблағларнинг қайтарилишини таъминлаш бўлганини таъкидлади.
«Банк мажбуриятларини тўлиқ бажариш режаси кўзда тутилган. Шунга қарамай, банк ўз фаолиятини сезиларли зарарлар билан якунлайди. Лекин қарор қабул қилишда биз учун биринчи навбатда омонатчилар — ҳам жисмоний, ҳам юридик шахсларнинг маблағларини тўлиқ қайтариш устувор вазифа эди», — дея хулоса қилди Ишметов.
Эслатиб ўтамиз, 2026 йил 15 январь куни Марказий банк бошқаруви Yangi Bank лицензиясини қайтариб олиш ва уни мажбурий тугатиш жараёнини бошлаш тўғрисида қарор қабул қилган эди.
2026 йил 13 январь ҳолатига кўра, банкнинг жами активлари 577,2 млрд сўмни, кредит портфели — 190 млрд сўмни (асосан стандарт деб таснифланган қисқа муддатли ва факторинг кредитлари) ташкил этган. Банк мажбуриятлари қарийб 412 млрд сўм бўлиб, шундан:
- 279 млрд сўм — жисмоний шахсларнинг маблағлари (омонатлар ва карталардаги маблағлар);
- қарийб 110 млрд сўм — юридик шахсларнинг маблағлари.
Устав капитали зарарлар ҳисобга олингандан сўнг, аввал шакллантирилган 355 млрд сўмдан тахминан 183 млрд сўмгача камайган. Ўтган йилларнинг тақсимланмаган зарари — 171 млрд сўм.
МБнинг дастлабки маълумотларига кўра, банкда 32 526 нафар жисмоний шахс — омонатчи мавжуд. Улардан 32 153 нафар омонатчи (98,8%) давлат кафолати остига тушади.
Кафолатланган сумма — бир омонатчи учун 200 млн сўмгача. Аммо бу чеклов омонатлар тўғрисидаги қонунчиликка ўзгартиришлар киритилгунга қадар очилган омонатларга амал қилмайди. Агар депозит 2025 йил 19 февралгача очилган бўлса, унга (суммасидан қатъи назар) 100 фоизлик кафолат татбиқ этилади.