Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Жамият 18/06/2025

Yandex Maps ва Go иловаларида автобусларнинг онлайн-мониторинги Ўзбекистоннинг яна 11 та шаҳрида ишга тушди

Yandex Uzbekistan ўз навигация хизматларига яна 11 та шаҳарда автобуслар ҳаракатини реал вақт режимида акс эттириш имкониятини қўшди.

Yandex Go даги Транспорт хизматида ва Yandex Maps иловасида автобус қачон етиб келиши ва айни пайтда қаерда эканлигини кўриш мумкин.

Бу имконият энди нафақат Тошкент ва Самарқандда, балки қуйидаги шаҳарларда ҳам мавжуд: Ангрен, Андижон, Бухоро, Жиззах, Гулистон, Қарши, Навоий, Наманган, Нукус, Урганч ва Фарғона.

Иловалар автобусларнинг жойлашуви ҳақидаги маълумотларни уларнинг датчикларидан сигналлар олиб янгилаб боради ва автобуснинг тезлиги ҳамда шаҳардаги йўл ҳолатини ҳисобга олган ҳолда, унинг бекатга қачон етиб келишини прогноз қилади. Автобус белгилари харита бўйлаб, худди автобуслар шаҳар кўчалари бўйлаб ҳаракатланганидек, силжийди.

Харитадаги бекат белгисини босиш орқали танланган бекатдан ўтувчи барча автобусларни кўриш мумкин. Yandex Maps’да керакли маршрут рақамини қидирув қаторига киритиш ҳам мумкин, масалан, «автобус 5». Экранда маршрут ва бекатлар ҳамда жадвал кўрсатилган карточка пайдо бўлади.

«Биз шаҳарлар бўйлаб ҳаракатланишни қулайроқ қиладиган рақамли ечимлар ривожини қўллаб-қувватлаймиз, шунинг учун транспорт ҳақидаги маълумотларни Yandex Uzbekistan навигация хизматларига тайёр ҳолда тақдим этамиз», — дея изоҳ берди Ўзбекистон транспорт вазирининг биринчи ўринбосари Маманбий Омаров.

«Ўзбекистон аҳолисининг аксарияти ҳар куни жамоат транспортидан фойдаланади. Умид қиламанки, энди технологияларимиз туфайли ундан фойдаланиш янада қулайроқ бўлади. Автобусларнинг реал вақт режимида акс эттирилиши ҳозирда 13 та шаҳардаги 230 та автобус маршрутида мавжуд бўлиб, бу фойдаланувчиларга транспорт кутишда вақт тежашга ёрдам беради. Биз сафарларни режалаштиришни осонлаштириш учун бу йўналишни янада ривожлантиришда давом этамиз», — деди Yandex Uzbekistan раҳбари Иззат Шукуров.