“Yandex Go” фойдаланувчиларига ортиқча ечилган маблағлар қайтарилди

Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси жамоат транспорти, такси хизматлари ва янги автомобиллар соҳасида аниқланган муаммоларни бартараф этиш бўйича кўрилаётган чоралар ҳақида хабар берди.

Идоранинг маълумотларига кўра, сўнгги пайтларда фуқаролардан йўлкира нархларининг асоссиз ошиши, онлайн тўловларда ноаниқликлар, шунингдек, янги автомобиллардаги техник носозликлар билан боғлиқ мурожаатлар келиб тушган.

Хусусан, Тошкентда “Yandex Go” хизмати орқали асоссиз қарздорлик ҳисобланганлиги ва ортиқча маблағ ечиб олинганлиги факти бўйича фуқарога компенсация қайтарилди, қарздорлик эса бекор қилинди.

Қашқадарё вилоятида ҳам худди шундай ҳолат қайд этилган бўлиб, ўша хизмат орқали фойдаланувчининг пластик картасидан асоссиз маблағ ечиб олинган. Аралашувдан сўнг маблағлар қайтарилди.

Эслатиб ўтамиз, 2023 йил декабрь ойида қўмита “Yandex Go”ни бозорда устун мавқега эга компания деб тан олган эди.

Бундан ташқари, ўтказилган таҳлил ва назорат тадбирлари давомида қуйидаги ҳолатлар бўйича ижобий натижаларга эришилди:

  • Андижон вилояти – Асака-Қоратепа йўналишида тарифнинг асоссиз оширилиши факти бўйича текширувлар ўтказилди, қоидабузарликлар бартараф этилди;
  • Самарқанд вилояти – автобус ҳайдовчисининг йўловчига қўпол муносабатда бўлиши ва йўл ҳаққини икки марта ундирганлиги ҳолати қайд этилди. Ҳайдовчига қаттиқ огоҳлантириш берилди;
  • Жиззах вилояти – CHERRY Tiggo 7 Pro автомобилида аниқланган техник носозликлар бўйича шикоят юзасидан кафолат доирасида таъмирлаш ишлари бажарилди;
  • Бухоро вилояти – Когон шаҳрида 105 ва 114-сонли такси йўналишларида йўл ҳаққининг асоссиз оширилиши фактлари қайд этилди, масъул ташкилотга нисбатан чоралар кўрилди.