
Yandex Go платформасини кар ва эшитиши заиф фойдаланувчилар учун янада қулай қилди, деб хабар берди Yandex Uzbekistan.
Хизматга эндиликда қўнғироқ қилиш заруриятисиз, тўлиқ матнли веб-сайт орқали онлайн уланиш мумкин. Ҳайдовчи аризани тўлдиргандан сўнг, қўллаб-қувватлаш хизмати у билан мессенжер орқали боғланади. Yandex Pro ижрочилар учун иловасидаги ўқув материаллари имо-ишора тилига ўгирилди.
Йўловчилар билан мулоқотни соддалаштириш учун автомобилларда «Кар ёки эшитиши заиф ҳайдовчи» ёзувли ғилофлар ва мулоқот учун карточкалар пайдо бўлди. Улар ёрдамида, масалан, ҳайдовчидан кондиционер ёки мусиқани ёқишни сўраш мумкин.
Таксопарклар учун экспертлар кар ва эшитиши заиф ҳайдовчилар билан мулоқотни йўлга қўйишга ёрдам берувчи эслатма тайёрлади. Yandex Pro уни очиқ фойдаланишга жойлаштирди, бу таксидаги ишни эшитишида нуқсони бўлган одамлар учун янада қулай қилиш мақсадида.

Ўзбекистонда хизмат билан 700 га яқин кар ва эшитиши заиф ҳайдовчи ҳамкорлик қилади, улар ойига 35 мингдан ортиқ сафарларни амалга оширади. Янгиланишлар ҳар йили сентябрь ойининг охирги якшанбасида нишонланадиган Халқаро карлар кунига бағишланди ва ижрочиларнинг ўзларининг тажрибаси ва фикр-мулоҳазаларини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилди.
«Ногиронлиги бўлган одамлар касбда тенг имкониятларга эга бўлишлари ва мамлакатнинг иқтисодий ҳаётида тўлақонли иштирокчи бўлишлари биз учун принципиал аҳамиятга эга. Yandex Go лойиҳаси каби ташаббуслар бизнеснинг ижтимоий масъулиятли бўлиши ва инклюзия ишида ҳамкор бўлиши мумкинлигини кўрсатади. Хизматларни алоҳида эҳтиёжли инсонлар эҳтиёжларига мослаштириш нафақат янги иш ўринларини очади, балки ҳурмат, тенг ҳуқуқ ва қулайлик маданиятини шакллантиради. Биз бундай қадамларни юқори баҳолаймиз ва Ўзбекистонда тўсиқсиз жамият қуришга ёрдам берадиган лойиҳаларни қўллаб-қувватлаймиз», — деди Миллий ижтимоий ҳимоя агентлиги матбуот котиби Дилфуза Рўзметова.
«Бу ташаббус — бизнес ногиронлиги бўлган одамлар жамоасининг эҳтиёжларини тинглаб, қандай қилиб инклюзив бўлиши ва мамлакатимизда ижтимоий ўзгаришларга туртки беришининг ёрқин намунаси. Биз кар ва эшитиши заиф ҳайдовчилар учун иш ўринлари яратишда Яндекс билан ҳамкорлик қилишдан мамнунмиз. Бу ечимларнинг эшитишида нуқсони бўлган ҳайдовчиларнинг ўзларининг фикр-мулоҳазаларини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилгани муҳимдир. Бу Ўзбекистоннинг очиқ меҳнат бозорида қулайликнинг янги стандартини ўрнатмоқда ва бошқа компанияларга инклюзивликка инвестиция киритиш — бу барча учун тўсиқсиз жамиятни шакллантиришга қўшилган ҳисса эканлигини намойиш этмоқда», — дея таъкидлади Тошкент шаҳар Ногиронлар жамоат бирлашмасининг ҳаммуассиси ва лойиҳалар раҳбари Дилмурод Юсупов.
Аввалроқ Yandex Pro ҳайдовчилар иловасида эшитишида нуқсони бўлган ижрочилар учун махсус имкониятлар пайдо бўлган эди. Агар улар фаоллаштирилса, буюртма келганда ҳайдовчининг смартфони титрай бошлайди, экрани эса милтиллайди.
Йўловчилар ва қўллаб-қувватлаш хизмати буюртмани кар ёки эшитиши заиф ҳайдовчи бажараётгани ҳақида огоҳлантирилади. Бунда «Қўнғироқ қилиш» тугмаси нофаол ҳолатга келади, мулоқот чатга ўтказилади. Ҳайдовчилар бу опцияларни қўллаб-қувватлаш хизмати орқали фаоллаштиришлари мумкин — ариза қайта ишлангандан сўнг хизмат интерфейси янгиланади.