
2025 йил май ойида Ўзбекистоннинг турли мактабларида ишловчи 4 нафар тарих фани ўқитувчиси (икки эркак ва икки аёл) Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан педагогларнинг малака тоифаси учун ўтказилган аттестация натижалари юзасидан судга шикоят қилди.
2025 йил 14 август куни соат 15:00 га Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур туманлараро фуқаролик ишлари бўйича судида тайинланган мажлис соат 17:00 да бошланди. Судья Гулхаё Жумаева раислигидаги мажлисда иккала томон вакиллари иштирок этди.
Жавобгар — Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги — даъво аризасини олмаган ва у билан танишмаган, шу сабабли жараён номаълум муддатга қолдирилди.
Педагогларнинг норозилиги нимада?
Даъво аризасида аттестация имтиҳонлари 2025 йил 8 май куни бўлиб ўтгани қайд этилган. Аризада жараён билан боғлиқ 4 та баҳсли вазият келтирилган.
Хусусан, имтиҳонда шундай савол бўлган: «Юстиниан I вафотидан кейин бутун Испанияни қайси қабила босиб олган?» Тўғри жавоб сифатида «Лангобардлар» варианти тан олинган. Савол ва жавоб 2022 йилда нашр этилган 7-синф жаҳон тарихи дарслиги асосида тузилган.
Даъвогарлар эса «Вестготлар» деб жавоб беришган. Ўқитувчиларнинг сўзларига кўра, Испанияни айнан вестготлар босиб олгани ҳақидаги маълумотлар қатор манбалар — Britannica энциклопедияси сайти, Wikipedia’нинг инглизча версияси, 2017 йилда нашр этилган 7-синф жаҳон тарихи дарслиги, шунингдек, Фозила Сулаймонованинг «Ғарб ва Шарқ» китоби билан тасдиқланади. Улар университетда ҳам Испанияни вестготлар босиб олгани ўргатилганини таъкидладилар.
«2022 йилда нашр этилган 7-синф жаҳон тарихи дарслигида хатога йўл қўйилган. Жавобгар, халқаро тестология талаблари доирасида тест саволларини тузар экан, уларни ишончли манбалар асосида шакллантириши шарт эди. Фақат дарслик билан чекланиб, уни ягона манба сифатида кўриб чиқиш мумкин эмасди, чунки дарсликларни одамлар ёзади, уларда хатолар бўлиши мумкин», — дейилади шикоятда.
Ўқитувчилар жавобгар тест тузишда дарсликларнинг турли нашрларидаги қарама-қарши маълумотлардан фойдаланганини таъкидлади.
«Шунинг учун биз тест саволининг асослилиги, манбаси ва мантиқий аниқлиги қайта кўриб чиқилиши керак деб ҳисоблаймиз. Агар қарама-қарши маълумотлар мавжуд бўлса, бундай саволлар имтиҳонга киритилмаслиги ёки бир нечта жавоб вариантларига йўл қўйилиши керак», — дейилади ўқитувчиларнинг даъво аризасида.
Даъвогарлар, шунингдек, очиқлик тамойили бузилаётганини таъкидладилар. Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 17 сентябрдаги 572-сонли қарорига кўра, аттестациянинг асосий тамойиллари мажбурийлик, даврийлик, очиқлик, коллегиаллик ва холислик ҳисобланади.
«Қарорнинг 53-бандига кўра, апелляция комиссияси томонидан шикоятларни онлайн кўриб чиқиш вақти ҳақидаги маълумот ваколатли вазирликларнинг расмий сайтларида жойлаштирилиши керак. Аммо амалда бу талаб бажарилмаяпти. Натижада очиқлик тамойили очиқчасига бузилмоқда. Имтиҳондан сўнг қайси саволларга тўғри, қайсиларига эса нотўғри жавоб берганимизни билиш имкониятимиз йўқ», — дейилади шикоятда.
Ўқитувчиларнинг сўзларига кўра, улар тўғри жавоб берган бўлсалар ҳам, апелляция комиссияси уларни ноҳақ баҳолаган. Бундан ташқари, комиссия ҳеч қандай асоссиз ва бир хилда барча педагогларнинг шикоятларини рад этиб, сабабларини тушунтирмаган.
«572-сонли қарорнинг 58-бандига кўра, педагоглар ўз мурожаатларини апелляция комиссияси томонидан кўриб чиқиш жараёнида тўғридан-тўғри ёки масофадан онлайн иштирок этиш ҳуқуқига эга. Аммо бизнинг мурожаатларимиз кўриб чиқилаётганда бу ҳуқуқ таъминланмади», — дейилади ҳужжатда.
Ўқитувчилар аттестация жараёнида очиқлик тамойили бузилгани, апелляциянинг адолатли ўтказилиши рад этилгани ва ишнинг судгача етиб бориши даъвогарларнинг обрўси ва касбий фаолиятига салбий таъсир кўрсатгани, уларда стресс ва руҳий ноқулайликни келтириб чиқарганини таъкидладилар.
Ўқитувчиларнинг талаблари
Даъво аризасида педагоглар Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигини кўрсатилган саволга «Вестготлар» жавобини тўғри деб топишга, аттестация натижаларини ўзгартиришга, ҳар бир даъвогар фойдасига маънавий зарар учун 10 млн сўмдан, шунингдек, адвокат харажатлари учун 3 млн сўм ундиришга мажбур қилишни талаб қилмоқдалар.
Аттестация нима ва у ўқитувчиларга нима учун керак?
Аттестация педагогларнинг фан бўйича билим даражаси ва касбий стандартини, шунингдек, педагогик маҳоратини аниқлаш учун ўтказилади.
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги бошқарма бошлиғи Сардор Раҳимбоевнинг сўзларига кўра, аттестациядан ўтган ўқитувчи 5 йил муддатга олий, биринчи ёки иккинчи малака тоифасини олиши мумкин. Тоифалар, жумладан, педагогларнинг иш ҳақига таъсир қилади.
«Аттестациядан муваффақиятли ўтган педагог тоифа олади. Масалан, мактабда янги иш бошлаган бакалавриат битирувчисига мутахассис лавозими берилади ва у минимал маош олади. Агар у аттестацияда иштирок этиб, етарли балл тўпласа, иккинчи тоифани, у билан бирга иш ҳақига устама олади», — дея тушунтирди вазирлик вакили.
Педагоглар учун аттестация имтиҳонлари 2 хил бўлади — мажбурий ва навбатдан ташқари.
«Барча педагоглар ҳар 5 йилда бир марта мажбурий аттестациядан ўтади, иштирок этиш бепул. Агар ўқитувчи уни топшира олмаса, унинг тоифаси пасаяди, агар етарли балл тўпласа — ошади. Масалан, биринчи тоифали ўқитувчи аттестация натижаларига кўра олий тоифани олиши ёки иккинчи тоифага тушиши мумкин», — деди Раҳимбоев.
Навбатдан ташқари аттестация йилига 2 марта ўтказилади, унда иштирок этиш ихтиёрийдир. Иштирокчилар сони ҳар доим турлича, чунки иштирок этиш учун чекловлар йўқ. Бу имтиҳон пуллик: педагоглар бир базавий ҳисоблаш миқдорида (ҳозир бу 412 минг сўм) тўлов қилади.
«Агар педагог навбатдан ташқари аттестациядан ўта олмаса, унинг тоифаси пасаймайди. Агар у зарур баллни тўпласа — у ошади, агар тўплай олмаса — аввалгиси сақланиб қолади», — деди бошқарма бошлиғи.
Унинг сўзларига кўра, хавф камроқ бўлгани учун аксарият педагоглар мажбурий аттестациягача 5 йил кутишни афзал кўрмайдилар ва маошни тезроқ ошириш учун навбатдан ташқари имтиҳонларда қатнашадилар.
«2025 йилдан бошлаб ўқитувчилар учун янги имтиёз жорий этилди: агар улар аттестацияда 86 баллдан кўп тўпласа, уларнинг тоифаси ошади ва иш ҳақига 70% устама қўшилади. Шунинг учун 2025 йил апрель-май ойларида аттестацияда иштирок этган кўпчилик айнан шу устамага интилди. Бундан ташқари, малака имтиҳонлари вазир фондидан ойлик тўловларни олиш учун танловнинг биринчи босқичи ҳисобланади. Шу сабабли энди педагоглар нафақат ўтиш баллини, балки максимал даражада юқори натижани тўплашга ҳаракат қилишмоқда», — деди Сардор Раҳимбоев.
2025 йил баҳорида малака имтиҳонларига қарийб 190 минг нафар педагог онлайн ариза топширди, улардан 177 640 нафари (95%) иштирок этди, 73 мингдан ортиғи (41%) ижобий натижа кўрсатди (жумладан, 5095 нафар педагог 86 ва ундан юқори балл тўплади). Хусусан, 10 504 нафар педагог олий, 23 208 нафари биринчи, 27 805 нафари иккинчи тоифани олди. 6603 нафар педагог мутахассис лавозимини сақлаб қолди. Қоидабузарлик туфайли 75 нафар педагог имтиҳондан четлаштирилди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 5 нафар она тили ва адабиёти фани ўқитувчиси ҳам Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигини судга бериб, такрорий аттестация имтиҳонларини ўтказишни ва маънавий зарарни қоплашни талаб қилгани хабар қилинган эди. Уларнинг ишини 2025 йил 12 август куни Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур туманлараро фуқаролик ишлари бўйича судида кўриб чиқиш бошланган.