ОТБ 2025 йилда Ўзбекистон ЯИМ 6,6%га ўсишини кутмоқда

Осиё тараққиёт банкининг 2025 йил апрель ойи учун эълон қилинган анъанавий «Осиё тараққиёти шарҳи» (Asian Development Outlook) ҳисоботига кўра, Ўзбекистон иқтисодиёти 2025 йилда 6,6%га, 2026 йилда эса 6,7%га ўсиши кутилмоқда. Ҳужжатда мамлакат тараққиётида минтақавий ҳамкорликнинг ҳал қилувчи аҳамиятга эга экани таъкидланган.

Расмий маълумотларга кўра, Ўзбекистоннинг ялпи ички маҳсулоти (ЯИМ) 2024 йилда 6,5%га ўсиб, 1,45 квадриллион сўмга (тахминан 115 миллиард доллар) етди. Жон бошига ЯИМ 39,1 млн сўм (3093 доллар)гача ошди.

Банк мутахассислари фикрича, ўсиш саноат ва хизматлар соҳасининг барқарор ривожланиши, шунингдек, ички талабнинг мустаҳкамлиги билан қўллаб-қувватланади. ОТБнинг Ўзбекистондаги доимий ваколатхонаси директори Канокпан Лао-Арайанинг таъкидлашича, бу ўсиш «саноат ва қурилиш каби асосий иқтисодий соҳаларни ривожлантириш бўйича ҳукуматнинг мақсадли саъй-ҳаракатлари» самарасидир.

«Инфратузилмани яхшилаш ва минтақавий интеграция бўйича доимий ҳаракатлар туфайли Ўзбекистон яқин йилларда барқарор ва мувозанатли ўсишга эришиши мумкин», — деди у.

Ҳисоботда инфляциянинг 2024 йилда 10%дан 9,4%га пасайиши кутилмоқда. Бу қатъий пул-кредит сиёсати ва импорт товарлари учун транспорт харажатларининг камайиши орқали амалга ошади. Бироқ хизматлар соҳасида инфляция 21,8%гача ўсди, бу электр энергияси ва табиий газ нархларининг оширилиши билан боғлиқ.

Кутилган инфляция даражаси 2025 йилда 8%, 2026 йилда эса 7% бўлиши мумкин. Бу режалаштирилган энергия нархлари ошишига қарамай содир бўлиши кутилмоқда. Бюджет тақчиллиги 2025 ва 2026 йилларда ЯИМнинг 4% даражасигача қисқаради, бунда фискал консолидация ва қазиб чиқариш ҳамда карьерларни ишлаб чиқиш соҳаларидаги давлат корхоналарининг барқарор даромадлари асосий омил бўлади.

Саноат соҳаси йиллик 7%га ўсиши тахмин қилинмоқда, бу озиқ-овқат, нефть-кимё маҳсулотлари ва тўқимачиликка ташқи талаб, шунингдек, қазиб чиқариш маҳсулотларига ички талаб билан боғлиқ. Хизматлар соҳаси ҳам ўсишда давом этади: 2025 йилда 7,8%, 2026 йилда эса 7,9% ўсиш кутилмоқда.

Ҳисоботда Ўзбекистоннинг минтақавий қиймат занжирларига жалб этилишини кенгайтиришда иқтисодий коридорларни ривожлантириш муҳимлиги қайд этилган. Денгизга чиқиши йўқ давлат сифатида Ўзбекистон халқаро савдони ривожлантиришда минтақавий ҳамкорлик ва интеграцияга катта даражада таянади. Ҳукуматнинг транспорт ва логистика тизимларини ривожлантириш сиёсати ташқи савдо йўналишларини диверсификация қилиш, етказиб бериш муддатларини қисқартириш ва харажатларни оптималлаштиришга қаратилган.