
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2025 йил 13 декабрь куни тадбиркорларга давлат, профессионал, консалтинг, молиявий, инжиниринг, маркетинг, медиа, IT ва операцион хизматларни комплекс равишда кўрсатишни жорий этиш тўғрисидаги қарорни имзолади. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар берди.
2026 йил 1 мартдан бошлаб тадбиркорларга давлат ва айрим хусусий хизматларни «ягона дарча» тамойили асосида кўрсатишни назарда тутувчи «Бизнес-ҳамроҳ» лойиҳаси йўлга қўйилади.
Лойиҳа доирасида Савдо-саноат палатаси ҳузурида масъулияти чекланган жамиятлар томонидан бошқариладиган «Бизнес-ҳамроҳ» марказлари ташкил этилади. Улар Давлат хизматлари марказлари биноларида жойлаштирилади. Дастлабки босқичда бундай марказлар Тошкент, Нукус шаҳарларида ва мамлакатнинг ҳар бир вилояти марказида очилади.
Шу санадан бошлаб тадбиркорларнинг ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарлари билан ўзаро ҳамкорлигининг янги тартиби жорий этилади: ҳар чоракда раҳбарлар тасдиқланган графиклар асосида ушбу марказларда тадбиркорлар билан учрашадилар. Тадбиркорларнинг барча мурожаатлари «Тадбиркорнинг виртуал офиси» ахборот порталида қайд этилади.
Агар бир чорак давомида ташкилотга битта ҳудуддаги тадбиркорлардан камида 10 та мурожаат келиб тушса, ташкилот раҳбари «Раҳбарлар билан мулоқот» модули орқали ушбу ҳудуд тадбиркорлари билан учрашув ўтказишни кейинги чорак учун режа-графикка киритади.
2025 йил 1 декабрь куни Президент Шавкат Мирзиёев иштирокида ўтган йиғилишда ССП раиси бундай марказлар Озарбайжон намунаси асосида ташкил этилаётганини таъкидлаган эди.
«Ҳар бир ҳудудда тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш бўйича „Бизнес-ҳамроҳ“ маркази ташкил этилади. Бу ерда бухгалтерия, солиқ, экспорт, банк, суғурта ва сертификатлаш хизматларини, шунингдек, ишлаб чиқарувчилар ўртасидаги кооперацияга кўмаклашишни жамлаш режалаштирилган», — деди Ваҳобов.
Унинг сўзларига кўра, бундай тизим тадбиркорларга «ўз масалаларининг 80 фоизигача бўлган қисмини бир жойда ҳал қилиш» имконини беради.
Президент ушбу ташаббусни қўллаб-қувватлади ва бундай марказлар бизнесни қўллаб-қувватлашнинг тўлиқ циклини — корхонани рўйхатдан ўтказиш ва фаолиятни ташкил этишдан тортиб, маҳсулотни тарғиб қилиш ва экспортга чиқишгача бўлган жараёнларни қамраб олиши кераклигини таъкидлади.