
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари йиғилишда «Ўзбекистон Республикасининг Ядровий зарар учун фуқаролик жавобгарлиги тўғрисидаги Вена конвенциясига (Вена, 1963 йил 21 май) қўшилиши тўғрисида»ги қонунни қабул қилдилар.
Ҳужжат истисно тариқасида уч ўқишда бирданига маъқулланди ва Сенатга тасдиқлаш учун юборилди. 135 нафар депутат «ёқлаб» овоз берди, ҳеч ким бетараф қолмади ва қарши чиқмади.
Ушбу конвенцияга қўшилиш натижасида Ўзбекистон учун ядро объектларида етказилган зарар учун фуқаролик жавобгарлиги режими, бундай зарарни қоплаш тартиби, муддатлари ва тамойилларини тартибга солувчи нормалар қўлланилади.
Конвенцияга кўра, ядровий фалокат содир бўлган тақдирда, Ўзбекистон халқига компенсация тўланади.
Вена конвенциясига қўшилиш халқаро миқёсда тан олинган зарарни қоплашнинг ҳуқуқий механизмларини қўллашни таъминлайди, жабрланганларнинг ҳимоясини кучайтиради, ядро қурилмалари операторларининг мажбуриятларини аниқ белгилайди ва юзага келиши мумкин бўлган зарарни қоплаш учун молиявий кафолатлар яратади.
Депутатларнинг таъкидлашича, бу миллий ядро хавфсизлиги тизимига бўлган ишончни оширади. Бундан ташқари, шу тариқа халқаро ҳамкорлик мустаҳкамланади ва ядровий жавобгарлик соҳасидаги стандартларга риоя этилиши кафолатланади. Вена конвенциясига қўшилиш президентнинг 2024 йил 24 декабрдаги фармонида назарда тутилган эди. Бундан ташқари, ратификация қилиш учун таклиф этилаётган ядро хавфсизлиги соҳасидаги халқаро шартномалар рўйхатида — Ядро ёки радиация аварияси ҳолатида ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги конвенция (Вена, 1986 йил 26 сентябрь), Ядро аварияси тўғрисида тезкор хабар бериш тўғрисида (Вена, 1986 йил 26 сентябрь) ва Ядро хавфсизлиги тўғрисидаги конвенция (Вена, 1994 йил 17 июнь) мавжуд.