Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Жамият 10/03/2026

Олий таълим вазирлиги ходими хусусий ОТМ лицензияси учун 100 минг доллар олаётганда ушланди — ДХХ

Ўзбекистон Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг Таълим ташкилотларини лицензиялаш бўлими етакчи мутахассиси 100 минг доллар олаётган вақтида қўлга олинди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ) хабар берди.

Идора маълумотларига кўра, вазирлик ходими ушбу маблағни Қарши шаҳрида фаолият юритаётган хусусий олийгоҳлардан бирининг мансабдор шахсидан талаб қилган. У пул эвазига университетнинг Сурхондарё вилоятида филиалини очиш учун лицензия бериш масаласини қисқа муддатда ижобий ҳал қилиб беришни ваъда қилган.

ДХХ Қашқадарё вилояти бошқармаси ходимлари томонидан Тошкент шаҳрида ўтказилган тезкор тадбир давомида гумонланувчи сўралган маблағни олаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган, дейилади хабарда.

Унга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми «а» банди (Жуда кўп миқдорда фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилган. Гумонланувчи қамоққа олинган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

ОТМларни лицензиялаш

2024 йил июль ойида олий таълим вазири Қўнғиротбой Шарипов Ўзбекистонда хусусий ОТМларни лицензиялаш таълим сифати белгиланган талабларга жавоб бермаслиги сабабли тўхтатилганини маълум қилган эди (ўша вақтда охирги лицензия 2023 йил октябрь ойида берилган, кейинчалик оғзаки буйруқ билан бериш тўхтатилган).

Иқтисодчи Беҳзод Ҳошимов давлат хавфсизликни таъминлашдан ташқари хусусий ОТМлар ишига аралашмаслиги кераклигини таъкидлаган эди. Унинг фикрича, таълим сифатига талабалар ва уларнинг ота-оналари баҳо бериши мумкин ва бериши лозим.

2025 йил июль ойида ҳукумат хусусий ОТМлар учун қоидаларни кучайтирди — устав фонди 2 млн доллардан кам бўлмаслиги, 350 минг доллар депозит ва фойдани мажбурий қайта инвестиция қилиш белгиланди. Ҳужжат бизнес учун янги мажбуриятларга мораторий кучга киришидан бир кун олдин имзоланган. Иқтисодчи бу рақобатни чеклашидан огоҳлантирмоқда.

Техас университети профессори, иқтисодчи Ботир Қобилов бундай талаблар янги университетларнинг бозорга кириши учун тўсиқ бўлиши ва рақобатни чеклаши мумкинлигини ёзган эди.