Ўзбекистонда хусусий олийгоҳларни лицензиялаш қоидалари мораторийдан бир кун олдин кучайтирилди

Ўзбекистонда нодавлат олий таълим муассасалари фаолиятини лицензиялаш учун янги қўшимча шартлар белгиланди. Вазирлар Маҳкамаси бу ҳақдаги қарорни 2025 йил 30 июнь куни қабул қилди. 3 июль куни бу ҳақда ЎзА хабар берди. Кейинроқ у Lex.uz Миллий қонунчилик маълумотлари базаси сайтида пайдо бўлди.

2025 йил 4 октябрдан кучга кирадиган ҳужжатга кўра, эндиликда ариза берувчилар Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигига ташкил этилаётган олийгоҳнинг батафсил концепциясини тақдим этишлари шарт.

Унда номи, мақоми, бошқарув тизими ва кадрлар таркиби, таълим ва илмий фаолиятнинг асосий йўналишлари, талабалар қабули параметрлари, таълим сифатини таъминлаш тизими ва воситалари, ўқиш учун тўлов миқдори ва қиймат ҳисоб-китоби, 5 йиллик стратегик ривожланиш режаси, шунингдек, фаолиятнинг бошқа асосий жиҳатлари кўрсатилиши керак.

Бундан ташқари, муассаса эквивалентда камида 2 миллион доллар миқдорида бошланғич устав фондига эга бўлиши керак, унга бевосита таълим жараёни билан боғлиқ моддий-техник база ва дастурий таъминот киритилади. Талабалар сони ортиб бориши билан устав фонди мутаносиб равишда ўсиши лозим.

Янги олийгоҳлар шунингдек, тижорат банкларида камида 350 минг доллар (қарор лойиҳасида 300 минг доллар таклиф қилинган эди) миқдорида захира маблағларини депозитга жойлаштиришлари керак бўлади.

Янги талабларга кўра, ўқув жараёни учун мўлжалланган бино ва иншоотларнинг майдони камида 5000 квадрат метр бўлиши керак. Таъсисчи объектларга мулк ҳуқуқи тўғрисидаги ҳужжатларни ёки камида 5 йил муддатга ижара шартномасини тақдим этиши шарт.

Алоҳида таъкидланишича, ташкил топган кундан бошлаб дастлабки 5 йил ичида йиллик соф фойданинг камида 80% таълим муассасасининг асосий фаолиятини ривожлантиришга йўналтирилиши керак. Кейинги йилларда бу улуш 50%дан кам бўлмаслиги лозим.

Хусусий олийгоҳлар шунингдек, битирувчиларга берилган барча дипломлар ҳақидаги маълумотларни Олий таълим вазирлигининг базасига юбориши шарт. Талабни бузиш лицензияни бекор қилиш учун асос бўлади.

Қарор расмий эълон қилинганидан 3 ой ўтгач кучга киради. Ушбу муддатгача лицензия олган тадбиркорлар ўз фаолиятини янги талабларга 2026 йил 1 январгача мослаштиришлари керак.

Мораторийдан бир кун олдин имзоланиши

Молиячи Отабек Бакиров ҳукумат хусусий олийгоҳлар учун талабларни кучайтириш тўғрисидаги қарорни 2025 йил 30 июнь куни қабул қилганига эътибор қаратди. Шу билан бирга, 20 июнь куни эълон қилинган нодавлат олийгоҳлар учун янги молиявий, инфратузилмавий ва техник мажбуриятлар тўғрисидаги қарор лойиҳаси 5 июлгача муҳокама қилиниши керак эди.

2025 йил 3 июль куни 403-сонли ҳужжат 30 июнь санаси билан имзолангани маълум бўлди – бунда қарор матни янгиликлар ресурсларида пайдо бўлган, лекин одатда расмий ҳужжатлар эълон қилинадиган Lex.uz сайтида жойлаштирилмаган.

Бакировнинг таъкидлашича, ҳужжатни лойиҳани муҳокама қилиш якунланмасдан қабул қилиш, 2025 йил 1 июлдан кучга кирган ва 2028 йил 1 январгача давом этадиган кичик ва ўрта бизнес учун янги мажбуриятларга мораторий тўғрисидаги президент фармонига зид келишини олдини олади. Мамлакатдаги аксарият хусусий олийгоҳлар айнан ўрта бизнесга киради – уларнинг йиллик айланмаси 100 миллиард сўмдан ошмайди, дея қайд этган.

«Агар қарор лойиҳани муҳокама қилиш якунлангандан сўнг, масалан, 2025 йил 5 июль куни имзоланганида эди, бу президент мораторийини бузиш деган маънони англатарди», — деб ёзди Бакиров. Унинг қўшимча қилишича, Ўзбекистонда кўпинча муҳим ва баҳсли қарорлар кеч тунда эълон қилинади.

Шуни таъкидлаш жоизки, қарор лойиҳаси келишилган 13 та вазирлик ва идорадан бирортаси ҳам лойиҳа бўйича эътироз билдирмаган.

Иқтисодчи фикри

Гарвард Бизнес мактаби доктори ва Далласдаги Техас университети профессори, иқтисодчи Ботир Қобилов ўзининг Telegram-каналида Ўзбекистонда хусусий университетларни лицензиялашга янги талабларни изоҳлади.

Олимнинг фикрича, мамлакатда, аксинча, кўпроқ хусусий олийгоҳлар очилиши учун шароит яратиш керак, уларнинг ривожланишини чеклаш эмас. «Хусусий университетлар кам эмас, балки кўпроқ бўлиши керак. Таълим хизматлари сифатини кириш шартлари – масалан, бино ҳажми ёки устав капитали миқдори бўйича эмас, балки якуний натижалар: талабаларнинг академик ютуқлари, уларнинг ишга жойлашиши ва мустақил экспертиза бўйича баҳолаш тўғрироқдир», — деб ёзди Қобилов.

Унинг таъкидлашича, қабул қилинган қарор, эҳтимол, таълим сифатини ошириш бўйича эзгу ниятлар билан қабул қилинган, бироқ эҳтимолий ножўя таъсирларни ҳам ҳисобга олиш керак.

«2 миллион доллар устав капитали, фойданинг 80%ини мажбурий реинвестициялаш, 350 минг доллар депозит, майдонга қўйиладиган талаблар – буларнинг барчаси янги университетларнинг бозорга кириши учун тўсиқ бўлиши ва рақобатни чеклаши мумкин. Агар камроқ хусусий университетлар «тирик қолса», талаб ортиб бораётган ва таклиф кам бўлган шароитда мавжуд хусусий университетларда контракт нархлари ҳам ошиши мумкин», — дея таъкидлади иқтисодчи.

Қобиловнинг қўшимча қилишича, катта суммалар ва узоқ муддатли мажбуриятлар инвесторларни чўчитади, айниқса ликвидлиги паст бизнес ҳақида гап кетганда, хусусий университетлар шундайдир. «Одатда инвесторлар камроқ сумма киритиш шарти билан капитални узоқроқ муддатга «музлатишга» рози бўлишади. Агар ҳам сумма катта бўлса, ҳам муддат узоқ бўлса, кўплаб инвесторлар бундай хатарга бормайдилар. Айниқса, агар бизнес кам ликвидли бўлса», — дея тушунтирди у.

Бундан ташқари, фақат даромадга йўналтирилган инвесторлар учун хусусий университет очиш пассив индекс фондларига сармоя киритишдан камроқ фойдалидир – 5-10 йиллик истиқболда бу кўпроқ даромад келтириши мумкин, ва асосийси – маблағлар максимал ликвид шаклда бўлади.

Шу билан бирга, Қобилов Ўзбекистонда университет очаётган тадбиркорлар ва хусусий шахслар одатда фақат даромад олиш мақсадида иш кўрмаслигини таъкидлади. «Ва агар кимдир таълим сифатини пасайтириб пул ишлашни хоҳлаганида ҳам, бозордаги рақобат буни тартибга соларди», — дея хулоса қилди профессор.

Хусусий олийгоҳлар учун талабларнинг кучайтирилиши

2024 йил июль ойида олий таълим вазири Ўзбекистонда хусусий олийгоҳларни лицензиялаш таълим сифатининг белгиланган талабларга мос келмаслиги сабабли тўхтатилганини маълум қилди (охирги лицензия 2023 йил октябрь ойида берилган). У лицензиялаш тартибини такомиллаштириш бўйича лойиҳа ишлаб чиқилаётганини қайд этди.

Ўтган йил охирида хусусий олийгоҳларни контрактлар қийматининг 4% миқдорида йиғим тўлашга мажбурлашга уринишган эди. Ўқитувчилар иш ҳақининг бир қисмини «Яшил макон» лойиҳасига йўналтириш режалаштирилган эди. Кейинроқ Олий таълим вазирлиги Олий таълим кенгаши қарори мажбурий кучга эга эмаслигини билдирди.

Иқтисодчи Беҳзод Хошимов аввалроқ давлат хусусий олийгоҳлар ишига хавфсизликни таъминлаш доирасидан ташқарида аралашмаслиги кераклигини таъкидлаган эди. Унинг фикрича, таълим сифатини талабаларнинг ўзлари ва уларнинг ота-оналари баҳолаши мумкин ва керак.