
Ўзбекистондаги хусусий мактаб ва боғчаларга мактабга тайёрлов бўйича бир йиллик гуруҳлар очишга рухсат берилади. Бу болалар қамровини кенгайтириш ва таълим хизматлари бозорида рақобатни кучайтиришга хизмат қилиши керак. Бу ҳақда 2026 йил 4 февраль куни президент Шавкат Мирзиёев ҳузурида ўтказилган тақдимотда сўз борди.
Мактабга бир йиллик тайёргарлик 12 йиллик мажбурий умумий ўрта таълимнинг биринчи босқичи бўлади. 11 йиллик тизимдан 12 йиллик тизимга ўтиш бошлангани ҳақида ўтган йили хабар берилган эди.
2027—2028 ўқув йилидан бошлаб тайёрлов гуруҳларида таълим олган болаларга давлат намунасидаги электрон сертификат берилади. Бу ҳақдаги маълумот умумий ўрта таълим тўғрисидаги шаҳодатномага (аттестатга) киритилади.
12 йиллик таълимга ўтиш миллий таълимни халқаро стандартларга яқинлаштириши, хусусан, хорижий олий ўқув юртларига киришни осонлаштириши керак. Шу тариқа, ўрта таълим тузилмаси 1 йиллик тайёрлов босқичи, 4 йиллик бошланғич таълим, 5 йиллик таянч умумий ўрта таълим (5−9-синфлар) ҳамда 2 йиллик умумий ўрта таълимни (мактаблар, академик лицейлар, ҳарбий мактаблар ёки техникумларда) ўз ичига олади.
Боғчаларда ўйин орқали ўқитиш модели
Тадбирда мактабгача таълим боланинг интеллектуал, ижтимоий ва маънавий ривожланишида ҳал қилувчи босқич экани таъкидланди.
Боғчаларда машғулотлар болаларнинг қизиқишлари ва қобилиятларини ҳисобга олган ҳолда қуриладиган ўйин орқали ўқитиш моделини жорий этиш режалаштирилмоқда. Ўқув муҳитини хорижий тажриба асосида янгилаш кўзда тутилган.
Сўнгги йилларда мамлакатда боғчалар билан қамров даражаси 78 фоизга етди. Бироқ 39 та туман ва шаҳарда қамров ҳали ҳам 70 фоиздан пастлигича қолмоқда. 80 фоизлик даражага чиқиш учун янги ўринлар яратиш зарур.
Мактабгача таълим соҳасида хусусий секторни қўллаб-қувватлашга қаратилган янги имтиёзлардан ташқари, расмийлар «Янги авлод» давлат мактабгача таълим муассасалари тармоғини яратиш ниятида. 2026—2028 йилларда ҳар бир ҳудудда 120 ўринли шундай боғчалар, шунингдек, уларнинг негизида болаларни ривожлантириш инновацион марказларини очиш режалаштирилган.
Ушбу боғчаларда раҳбар ва тарбиячи-методист қўшимча лавозимлари жорий этилади. Раҳбар ходимлар ва педагоглар учун тариф ставкасининг 20 фоизи миқдорида ҳар ойлик устама белгиланган.
Кадрлар тайёрлаш
Кадрлар билан боғлиқ вазият алоҳида муҳокама қилинди. Маълум қилинишича, давлат боғчалари педагогларининг 61 фоизи, хусусий боғчалар ходимларининг эса 76 фоизи ўрта махсус маълумотга эга. Тақдимотда таъкидланганидек, бу «кадрлар салоҳиятини янада ошириш нақадар долзарблигини кўрсатади».
2026—2027 ўқув йилидан бошлаб педагогика олий ўқув юртларининг мактабгача ва бошланғич таълим йўналишлари бўйича дастурларини янгилаш режалаштирилмоқда. Ўрта махсус маълумотли педагоглар учун дуал тизим («5+1») асосида бакалаврлар тайёрлашни йўлга қўйиш кўзда тутилган.