Ўзбекистонда хусусий мактабгача таълим муассасалари ва мактаблар учун солиқ имтиёзлари 2030 йил 1 январга қадар узайтирилди. Бу Президентнинг 2024 йил 22 ноябрдаги қарорида назарда тутилган.
Ҳужжатга кўра, нодавлат мактабгача ва умумий ўрта таълим муассасалари барча турдаги солиқлар (ижтимоий солиқдан ташқари) ва йиғимларни тўлашдан озод қилинади.
Шунингдек, улар мактаб ва боғчалар фаолияти учун зарур бўлган ўқув жиҳозлари, компьютер техникаси, дастурий маҳсулотлар, илмий-методик адабиётлар ва бошқа материалларни импорт қилишда божхона тўловларини тўламайдилар.
Имтиёзлар 2017 йилда жорий қилинган бўлиб, дастлаб 2021 йил 1 январгача амал қилган. 2018 йил сентябрида президент уларни 2025 йилгача узайтирган эди.
Ëзда солиқ қўмитаси раисининг ўринбосари Жаҳонгир Абдиев солиқ имтиёзлари узайтирилишини маълум қилган эди.
Бундан ташқари, қарорга кўра, 2025 йил 1 январдан хусусий боғча ва олий ўқув юртлари педагоглари ҳамда раҳбарлари А. Авлоний номидаги Миллий педагогик маҳорат институти, педагогик маҳорат марказлари ва давлат бюджети ҳисобидан шакллантириладиган реестрга киритилган хусусий малака ошириш ташкилотларида малака оширишлари шарт бўлади.
Шу санадан бошлаб, давлат ва хусусий таълим муассасалари томонидан жалб этилган хорижий мутахассисларга ишлаш учун рухсатнома бериш йиғим миқдори 30 БҲМдан (11,2 миллион сўм) 1 БҲМга (375 минг сўм) камайтилади.
2025 йилдан бошлаб хусусий таълим ташкилотларида доимий ишлаш учун жалб этилган хорижий мутахассислар учун ўқитувчилик визалари («А2») ҳам берилади.
Бу чора-тадбирлар таълим соҳасида хусусий сектор улушини янада ошириш, ушбу соҳада тадбиркорлар учун қулай шарт-шароитлар яратиш ва инновацион педагогик шакллар, усуллар ҳамда таълим технологияларини жорий этишга қаратилган.