
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2026 йил 4 февраль куни мактабгача таълим соҳасида хусусий секторни қўллаб-қувватлашнинг янги чораларини муҳокама қилди.
Имтиёзларни мактабгача таълим билан қамров даражаси 80 фоиздан паст бўлган туман ва шаҳарларда (Тошкент шаҳри бундан мустасно) жорий этиш режалаштирилмоқда. Ушбу чоралар хусусий тадбиркорларнинг боғчалар ташкил этишдаги иштирокини кенгайтиришга қаратилган.
Хусусан, мактаб ва боғчаларнинг бўш турган ер майдонларида давлат-хусусий шериклик асосида мактабгача таълим муассасалари очилганда, ижара тўловини 30 йилгача ундирмаслик таклиф этилмоқда.
Бундан ташқари, давлат боғчаларининг ҳар бир тарбияланувчиси учун бир болага тўғри келадиган харажатларнинг 50 фоизи миқдорида субсидия кўзда тутилган. Ушбу тартибни 2024 йилда очилган хусусий боғчаларга ҳам татбиқ этиш режалаштирилмоқда.
Қамров даражаси паст бўлган туманларда камида 150 ўринли янги хусусий мактабгача таълим муассасаларини ташкил этадиган тадбиркорларга 7 йил муддатга 5 миллиард сўмгача имтиёзли кредитлар ажратиш таклиф этилмоқда.
Шунингдек, уч йил давомида тарбиячиларнинг иш ҳақини тўлаш харажатларини — давлат боғчалари учун белгиланган нормативлар бўйича, ҳар 30 нафар тарбияланувчига бир нафар тарбиячи штати бирлиги ҳисобидан компенсация қилиш кўзда тутилмоқда.
Ушбу чоралар янги қурилган кўп квартирали уйларнинг биринчи қаватларида жойлашган хусусий боғчаларга нисбатан ҳам амал қилиши тахмин қилинмоқда.
Бундан ташқари, камида 150 ўринли боғча очаётган тадбиркорларга 2030 йил 1 январгача ижтимоий солиқ ставкаси бўйича имтиёзлар бериш режалаштирилган.
Президент таклиф этилаётган чора-тадбирларни босқичма-босқич ва вазминлик билан жорий этиш зарурлигини таъкидлаб, мутасадди идораларга уларни ишлаб чиқишни таъминлаш бўйича топшириқ берди. Унинг сўзларига кўра, мактабгача таълим сифатини ошириш болаларнинг ҳар томонлама ривожланиши учун асос бўлиши керак.
Эслатиб ўтамиз, мактабга бир йиллик тайёргарликни мажбурий умумий ўрта таълимнинг биринчи босқичига айлантириш режалаштирилган. Хусусий мактаб ва боғчаларга бир йиллик тайёрлов гуруҳларини очишга рухсат берилади. 2027—2028 ўқув йилидан бошлаб уларда таълим олган болалар давлат сертификатини оладилар.
2025 йил декабрь ойида президент аҳоли сонининг йиллик ўсиши муносабати билан Тошкентда 75 та мактаб ва боғча, шунингдек, 23 та спорт мажмуаси етишмаётганини таъкидлаган эди. У ҳокимларга ҳар йили жалб этилган маблағлар ҳисобидан биттадан объект қуришни топширган, қолган муассасалар эса инвестиция дастурлари доирасида барпо этилади.