Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Жамият 28/01/2026

«Хориждаги оммавий муштлашувлар Ўзбекистон обрўсига путур етказмоқда» — президент

Наркожиноятчилик ва уюшган гуруҳларга қарши курашиш учун масъулларда гиёҳвандлик каналларининг якуний манбаси ва ҳомийларига чиқиш учун қатъият етишмаяпти. Бу ҳақда 2026 йил 27 январь куни Тошкентда бўлиб ўтган йиғилишда президент Шавкат Мирзиёев маълум қилди, деб хабар берди унинг матбуот котиби Шерзод Асадов.

Давлат раҳбарининг таъкидлашича, Тошкентда жами 4000 та наркожиноят аниқланган ва аъзолари 1300 дан ортиқ жиноят содир этган 112 та уюшган жиноий гуруҳ қўлга олинган. Ушбу жиноятлар учун ҳукм қилинганлар жазо муддатининг ярмини ҳам ўтамасдан озодликка чиқмоқда. Натижада уч йил ичида қайта жиноят содир этиш ҳолатлари 125 фоизга ошган, деди президент.

Вазият Президент администрацияси муаммо билан шуғулланишни бошлаганидан кейин ўзгара бошлади, деб қайд этди Шавкат Мирзиёев. Унинг сўзларига кўра, сўнгги уч ой ичида мамлакатда 50 га яқин йирик наркогуруҳ аъзолари қўлга олинган ва ярим тонна гиёҳванд моддалар мусодара қилинган.

«Энг ёмони — фуқароларимиз хорижда ҳам уюшган гуруҳлар тузиб, ўзбекистонликларга нисбатан товламачилик, зўравонлик қилиш ва тадбиркорлик фаолиятига тўсқинлик қилиш билан шуғулланмоқда. Ўзбекистонликларнинг чет элдаги оммавий муштлашувлари мамлакатимиз обрўсига путур етказмоқда», — деди давлат раҳбари.

Унинг қўшимча қилишича, биргина 2025 йилда оғир аҳволга тушиб қолган 3700 нафар Ўзбекистон фуқароси хориждан қайтарилган. 192 киши одам савдоси қурбони бўлган, деди президент.

2025 йилнинг апрель ойида Дубайда Ўзбекистон фуқаролари иштирокида оммавий муштлашув юз бериб, ўшанда икки ҳамюртимиз ҳалок бўлган эди. 2026 йилнинг январь ойида БАА суди муштлашувнинг саккиз иштирокчисини умрбод озодликдан маҳрум қилиш, яна бирини эса 25 йилга қамаш ҳақида ҳукм чиқарди.