Хоразм вилоятида қоидабузарларни таъқиб қилиш вақтида экоинспекторлар калтакланди

Бухоро вилоятининг 2 нафар экологик назорат инспектори саксовул кесган қоидабузарларни қўлга олишга уриниш чоғида жабрланди, дея хабар берди Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги матбуот хизмати.

Воқеа вилоят бошқармаси инспекцияси бошлиғи Ж.Тошев раҳбарлигида 7 нафар инспекция ходими – А. Қурбонов, Б. Рўзиев, Ж. Ëдгоров, Ф. Муродов, Н. Муҳаммадиев ва О .Хесенов иштирокидаги рейд давомида содир бўлди.

Инспекторлар номаълум шахсларнинг ЗИЛ русумли юк машинасида саксовулни ноқонуний кесиб, уни ортиб, чўлдан ўтувчи йўл орқали қочишга уринаётганини пайқашди. Экоинспекция ходимлари дарҳол JAC русумли хизмат автомобилида таъқибни бошлашди.

Таъқиб тахминан 110 км давом этгач, юк машинаси Бухоро вилояти ҳудудидан A-380 Ғузор-Бухоро-Нукус трассаси бўйлаб Хоразм вилояти йўналишида чиқиб кетди.

Ж. Тошев бошқа транспорт воситалари ҳаракатини назорат қилиш учун инспекторлар Н. Муҳаммадиев ва О. Хесеновни тушириб қолдирди, ўзи эса ЗИЛни таъқиб қилишда давом этди. У юк машинасини қувиб ўтганида, тахминан 200 метрдан сўнг йўлни Isuzu русумли бошқа бир юк машинаси тўсиб қўйди. Машинадан совуқ қуроллар (бита, арматура ва темир қувурлар) билан қуролланган номаълум шахслар тушиб келишди.

Улар экоинспекторларнинг хизмат автомобилига зарба беришди, уни синдиришди ва инспекция бошлиғини ҳақорат қилишди. Шундан сўнг Ж.Тошев воқеа жойини тарк этишга мажбур бўлди.

Бундан ташқари, қоидабузарлар инспекторлар Н. Муҳаммадиев ва О. Хесеновни калтаклаб, кўп сонли тан жароҳатлари етказишди (Муҳаммадиевда — оёқ синиши). Кейин улар жабрланганларни юк машинаси кузовига юклаб, олиб кетишга уринишди. Бироқ инспекторлар ҳаракатланаётган автомобилдан сакраб тушиб, қутулиб қолишди.

Хоразм вилояти Тупроққалъа тумани прокуратураси тергов олиб бормоқда.