Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Жамият 05/03/2026

Хоразм ИИБ ходими маст ҳолатда аёлни уриб юборди ва воқеа жойидан қочиб кетди

Хоразм вилояти Шовот тумани суди 2026 йил 23 февраль куни ички ишлар органлари ходими Умарбек Атамуратовга нисбатан оғир оқибатларга сабаб бўлган ЙТҲ содир этиш ва инсонни хавф остида қолдиришда айбдор деб топиб, ҳукм чиқарди.

Иш материалларига кўра, ҳодиса 2025 йил 27 сентябрь куни соат тахминан 22:14 атрофида Шовот — Урганч автомобиль йўлида юз берган. Хоразм вилояти ИИБ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси ижтимоий профилактика бўлими катта инспектори хизматдаги Chevrolet Tracker 2 автомобилини бошқариб бораётиб, йўл четидан кетаётган 29 ёшли аёлни уриб юборган.

Тергов версиясига кўра, ҳайдовчи маст ҳолатда бўлган ва воқеадан кейин жабрланувчига биринчи ёрдам кўрсатмасдан воқеа жойидан қочиб кетган. Шунингдек, у «Ички ишлар органлари тўғрисида»ги қонун талабларини қўпол равишда бузган.

Суд-тиббий экспертизаси жабрланувчи шифохонада олган жароҳатлари оқибатида вафот этганини кўрсатди.

Хусусан, марҳумага ёпиқ калла-мия жароҳати, мия пардалари остига ва устига қон қуйилиши, мия ярим шарларига диффуз қон қуйилиши, мия қоринчалари деворига ўчоқли қон қуйилиши; кўкрак қафасининг ёпиқ жароҳати; тўш суяги синиши; қовурғалар синиши, иккала ўпка плевраси остига ва ўпка илдизлари соҳасига қон қуйилиши ва тўқималар йиртилиши; кўкрак бўшлиғида қон тўпланиши, ўнг томон ёнбош суяги синиши, шунингдек, чап томон ёнбош, ўтирғич ва қовуқ суякларининг синиши; мия ва ўпка шиши ташхислари қўйилган.

Кўрсатмалар

Судда Атамуратов айбига қисман иқрор бўлди. У ўша оқшом «Ором» чойхонасидан қайтаётганини, у ерда курсдоши билан спиртли ичимлик истеъмол қилганини маълум қилди. Шу билан бирга, у ўзини нохуш ҳис қилганига қарамай, «ҳушёр» бўлганини, содир бўлаётган воқеаларни тушунганини ва вазиятни назорат қилганини таъкидлади.

Унинг сўзларига кўра, у Шовот — Урганч эски йўлидан кетаётганда, кўча чироқлари тугаган жойда автомобилнинг ўнг томонида зарба овозини эшитган. Йўл четида тўхтагач, одам уриб юборганини тушунган. Унинг таъкидлашича, орқада келаётган Gentra автомобилидаги ёшлар ҳодисани пайқаб қолиб, воқеа жойига югуриб келишган. Улар билан бирга ариқда турмуш ўртоғи ёнида ётган жабрланувчининг олдига боришган. Аёлни ариқдан чиқариб олишган ва судланувчи бунда иштирок этганини даъво қилди.

Атамуратов пул билан шифохонага бориш ниятида бўлгани ва шу мақсадда Урганчдаги уйига йўл олганини тушунтирди. У илгари тиббиёт муассасалари билан кўп дуч келганини ва «пулсиз беморларга ёмонроқ муносабатда бўлишлари мумкин деб ҳисоблагани, шунинг учун жабрланувчининг ҳаётини сақлаб қолишга ёрдам бериш учун пул олиб келмоқчи бўлганини» айтди.

У аёлни қасддан оғир аҳволда қолдириб кетмаганини, балки уни шифохонага олиб кетган Gentraдаги ёшларга ишонганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, ёнида телефони бўлмаган, шу сабабли қариндошларига қўнғироқ қилиб пул бериб юборишни сўрай олмаган ва ўзи кетишга мажбур бўлган. Ҳодиса ҳақида эса Урганчга етиб боргач, йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимига хабар берган.

Бундан ташқари, у маст ҳолатда бўлгани сабабли, жабрланувчи Gentra автомобилида шифохонага соғ-саломат етиб боради деб ўйлаганини қайд этди.

Шунингдек, Атамуратов уйига пул учун шошилаётганда светофорнинг қизил чироғидан ўтиб кетгани ва олдинда тўхтаб турган Cobalt автомобилига бориб урилганини, чунки тормоз беришга улгурмаганини сўзлаб берди. У илгари автомобилни маст ҳолатда бошқармаганини айтиб, пушаймонлигини билдирди ва суддан енгилроқ жазо беришни сўради.

Суд бу тушунтиришларни асоссиз деб топди ва уларни судни чалғитиш, жавобгарликни енгиллаштириш ва жазодан қутулишга бўлган уриниш деб баҳолаб, рад этди.

Марҳуманинг турмуш ўртоғи судда судланувчи хотинини улар биргаликда йўл четидан кетаётган вақтда уриб юборганини айтди. Ҳодисадан кейин Gentra автомобилидан тушган икки йигит аёлни машинага ўтқазишга ёрдам беришган ва уни шифохонага олиб боришган.

Унинг сўзларига кўра, у судланувчини фақат бир лаҳза кўрган ва у маст ҳолатда бўлган-бўлмаганини айта олмайди, чунки судланувчининг машинаси тўхтаган жой билан улар турган жой орасидаги масофа яқин бўлмаган.

Шунингдек, у ҳозирда Атамуратовни тўлиқ бўлмаса-да, қисман кечирганини, чунки у моддий ёрдам кўрсатганини маълум қилди.

Gentra автомобилида бўлган гувоҳ ўша оқшом уларга қарши йўналишда чироқлари ўчирилган Tracker келаётганини айтди. Унинг сўзларига кўра, машина улар томонга чиқиб кетган, шу сабабли у кескин ўнгга буришга мажбур бўлган ва шундан сўнг Tracker ўтиб кетган.

Уриб юборгандан сўнг, гувоҳнинг қайд этишича, Tracker ҳайдовчиси тўхтаган ва улар ҳам ёнида тўхташган. Иккала ҳайдовчи ҳам машинадан тушган. Гувоҳ: «Сиз одам уриб юбордингиз, шуни тушуняпсизми?» деб сўраган, у эса тасдиқлаб жавоб берган.

Шу вақтда жабрланувчининг турмуш ўртоғи улардан ёрдам сўраган. Улар аёлни кўтариб, ўз машиналарига ўтқазишган ва шифохонага олиб кетишган. Гувоҳнинг аниқлик киритишича, улар жабрланувчини машинага чиқараётганда Tracker ҳайдовчисини кўрмаган ва у ёрдам беришни сўраган-сўрамаганини айта олмайди, чунки улар аёлни тезроқ шифокорларга етказиш учун шошилишган.

Суд қарори

Жазо чорасини белгилашда суд қонунчилик талабларини, содир этилган жиноятнинг хусусияти ва ижтимоий хавфлилик даражасини, Атамуратовнинг шахсига оид маълумотларни, шунингдек, енгиллаштирувчи ҳолатлар мавжудлиги ва оғирлаштирувчи ҳолатлар йўқлигини ҳисобга олди.

Суд айбига қисман иқрор бўлишни, пушаймонликни, икки нафар вояга етмаган фарзанди борлигини, муқаддам судланмаганини ва жабрланувчининг қонуний вакили уни қисман кечирганини енгиллаштирувчи ҳолатлар деб топди. Жавобгарликни оғирлаштирувчи ҳолатлар (маст ҳолатда бошқаришга қарамай) аниқланмади.

Суд жазо маҳкум ва бошқа шахслар томонидан янги жиноятлар содир этилишининг олдини олиши кераклигини кўрсатди.

Судья Н. Йўлдошева уни 266-модданинг 2-қисми (транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш, одам ўлимига сабаб бўлиши / 7 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади) ва 117-модданинг 2-қисми (хавф остида қолдириш, одам ўлимига сабаб бўлиши / 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади) бўйича айбдор деб топди.

Унга 3 йил-у 1 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Жазо манзил-колонияда ўталади. Шунингдек, у уч йил муддатга автомобиль бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этилди.