Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш

Ўзбекистон Хитойдан мандарин ва ананас олиб киришга вақтинчалик тақиқ қўйди

Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги Хитойдан Ўзбекистонга мандарин ва ананас олиб киришга вақтинчалик чеклов ўрнатилгани ҳақида хабар берди.

Идора маълумотларига кўра, Марказий фитосанитария лабораториясида импорт қилинган маҳсулотларнинг айрим намуналарида карантинга олинган зараркунандалар аниқланган:

  • «цитрус оққаноти» (Dialeurodes citri Ashmead);
  • шарқ цитрус қалқондори (Unaspis yanonensis Kuwana);
  • «ананас ун қурти (червеци)» (Dysmicoccus brevipes Cockerell).

Ҳашаротлар 20 та юк партиясида топилган. Зарарланган маҳсулотлар аниқланганлиги ҳолатлари бўйича ХХР Миллий карантин ва ўсимликларни ҳимоя қилиш ташкилотига ҳужжатлар юборилган.

Агентликнинг аниқлик киритишича, 2026 йил 5 февралга қадар Хитойдан илгари жўнатилган мандарин ва ананасларни Хитой карантин хизмати томонидан берилган фитосанитария сертификатлари асосида олиб киришга рухсат берилади. Бунда барча партиялар мажбурий фитосанитария назоратидан, жумладан, намуналар олиш жараёнидан ўтказилади.

Қайд этилишича, аниқланган зараркунандалар инсон саломатлиги учун хавф туғдирмайди, чунки ўсимликларнинг зарарли организмлари инсон организмига салбий таъсир кўрсатмайди.

Агентлик шунингдек, Хитой томони аниқланган қоидабузарликлар ҳақида расман хабардор қилингани ва ҳозирда маҳсулот импортини фитосанитария талабларига қатъий мувофиқ ҳолда таъминлаш бўйича музокаралар олиб борилаётганини маълум қилди. Хусусан, 2026 йил учун Хитойда Ўзбекистон талабларига жавоб берадиган боғлар ва қадоқлаш корхоналарининг янги реестрини шакллантириш режалаштирилган.

Киритилган чекловлар вақтинчалик хусусиятга эга бўлиб, сабаблар бартараф этилгунга қадар амал қилади, дейилади хабарда.

Божхона қўмитасининг 2025 йилги маълумотларига кўра, Ўзбекистон қарийб 59 минг тонна мандарин импорт қилган, бу 2024 йилдагига (113,5 минг тонна) нисбатан қарийб икки баравар кам дегани. Етказиб бериш суммаси 30,1 млн доллардан 20,1 млн долларгача камайган. Мамлакатга мандарин етказиб берувчи етакчи давлатлар қаторида Покистон қайд этилган.

Ананас импорти эса 70 фоизга — 5133 тоннадан 8689 тоннагача, етказиб бериш суммаси эса 1,96 млн доллардан 3,4 млн долларгача ошган.

2025 йилнинг етти ойи якунларига кўра, Хитой ананас етказиб берувчи асосий давлат бўлган. Ушбу мамлакат ҳиссасига жами етказиб беришнинг қарийб 98 фоизи — 4600 тоннадан 4500 тоннаси тўғри келган. Шунингдек, Ўзбекистон Қозоғистон (92 тонна), Нидерландия (16 тонна), Мексика ва бошқа мамлакатлардан ҳам ананас сотиб олган.