Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Жаҳон 22/01/2026

Хитойда туғилиш даражаси 1949 йилдан бери энг паст даражага тушди

Хитой Халқ Республикаси аҳолиси 2025 йил якунларига кўра 3,39 миллион кишига камайиб, 1,404 миллиардни ташкил этди, деб хабар беради BBC News. Аҳолининг табиий камайиши Хитойда кетма-кет тўртинчи йил қайд этилмоқда.

Хитой Давлат статистика бошқармаси маълумотларига кўра, мамлакатда туғилиш коэффициенти ҳар 1000 кишига 5,63 гача пасайган — бу 1949 йилдан бери энг паст даража. Ўлим кўрсаткичи эса ҳар 1000 кишига 8,04 гача кўтарилган — бу 1968 йилдан бери энг юқори кўрсаткич ҳисобланади.

Ёш тақсимотида аҳолининг 60,6 фоизини (тахминан 851 миллион) меҳнатга лаёқатли ёшдагилар (16−59 ёш) ташкил этади. 60 ёшдан ошганлар улуши 23 фоизга (тахминан 323 миллион) етган, шундан 15,9 фоизи (тахминан 223 миллион) 65 ва ундан катта ёшдаги инсонлар.

Аҳолининг қариши ва иқтисодиётнинг секинлашиши фонида Пекин ёшларни никоҳдан ўтишга ва фарзанд кўришга ундаш учун салмоқли ҳаракатларни амалга оширмоқда, деб ёзади BBC News.

2016 йилда ҳукумат Хитойда 1980 йилдан 2015 йилгача амал қилган «Бир оила — бир фарзанд» сиёсатини бекор қилиб, жуфтликларга иккита, 2021 йилда эса учта фарзанд кўришга рухсат берди.

2025 йилнинг ёзида ҳукумат болалар парвариши учун давлат субсидияларининг янги тизимини жорий этди. Дастур доирасида оилаларга 3 ёшгача бўлган ҳар бир бола учун йилига 3600 юань (503 доллар) тўланади.

Шу билан бирга, Пекиндаги YuWa демографик тадқиқотлар институтининг 2024 йилги тадқиқотига кўра, Хитой ҳамон бола тарбиялаш энг қимматга тушадиган мамлакатлардан бири бўлиб қолмоқда.

БМТ экспертлари Хитой аҳолиси камайишда давом этишини тахмин қилмоқдалар ва 2100 йилга бориб мамлакат ҳозирги аҳолисининг ярмидан кўпини йўқотишини прогноз қилмоқдалар.