
Ўзбекистон янги ва қурилаётган йўналишлар учун локомотивлар, вагонлар ва электропоездлар паркини сезиларли даражада кенгайтиришни режалаштирмоқда. Бу ҳақда 2025 йил 13 ноябрь куни Президент Шавкат Мирзиёевга темир йўл инфратузилмасини ривожлантириш режалари бўйича тақдимотда сўз борди.
Модернизация дастури доирасида Хитойдан 38 та магистраль локомотив, 50 та маневр ва гибрид маневр локомотивларини сотиб олиш режалаштирилган. 2025 йил май ойида президент «Ўзбекистон темир йўллари»га Хитойнинг CRRC компанияси билан 50 та тепловоз етказиб бериш бўйича шартнома тузишни топширган эди, чунки компания раҳбари Зуфар Нарзуллаевнинг сўзларига кўра, мавжуд паркнинг 91% эскирган.
Бундан ташқари, Жанубий Кореянинг Hyundai Rotem компанияси билан ҳамкорликда 6 та юқори тезликдаги электропоезд етказиб бериш топширилди. Транспорт вазири Илҳом Маҳкамов телеканалга берган интервьюсида улар 2025 йил декабрь ойидан бошлаб мамлакатга кела бошлашини маълум қилди.
Биринчи таркибни келгуси йилда «Тошкент — Урганч — Хива» йўналишида ишга тушириш режалаштирилган бўлиб, бу йўл вақтини 14 соатдан 7,5 соатгача қисқартириш имконини беради. Поезд 7 та вагонни ўз ичига олади, 351 нафар йўловчини сиғдира олади ва 250 км/соат тезликкача ета олади.
Хизмат кўрсатиш сифатини ва темир йўлларнинг ўтказиш қобилиятини ошириш учун қуйидагилар кўзда тутилган:
- 250 та замонавий йўловчи вагонларини ишлаб чиқариш;
- 23 та шаҳарлараро электропоездларни сотиб олиш;
- 10 мингта юк вагонларини ишлаб чиқариш;
- 6000 дан ортиқ вагонни тиклаш;
- 12 та электровозни капитал таъмирлаш.
Транспорт вазирлиги раҳбарининг сўзларига кўра, 23 та электропоезд Тошкент ва агломерация ўртасидаги йўналишларга хизмат кўрсатиш учун сотиб олиниши режалаштирилган.
«Шунингдек, Жанубий Кореядан тоғли ҳудудлар — водийни боғлайдиган Қамчиқ довони орқали ўтган темир йўл ва Сурхондарё ва Қашқадарёни боғловчи Дарбанд довони бўйлаб ҳаракатланиш учун мўлжалланган замонавий поездларни сотиб олиш лойиҳаси тақдим этилди. Лойиҳа президент томонидан қўллаб-қувватланди», — деди.
Президент темир йўл соҳасида давлат-хусусий шериклик (ДХШ) лойиҳаларини кенгайтириш зарурлигини алоҳида қайд этди.
«Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти раиси Зуфар Нарзуллаев Тикланиш ва тараққиёт фонди маблағлари ва қўшимча молиявий кўмак ҳисобига йўловчи вагонларининг йиллик ишлаб чиқаришини 40 тадан 50 тагача ошириш топширилганини маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, соҳа олдига 2030 йилгача йўловчи ташиш ҳажмини 10 миллиондан 20 миллион йўловчигача ошириш вазифаси қўйилган. Бунинг учун 23 та қўшимча электропоезд ҳаракатини ташкил этиш зарур.
«Шунингдек, бизга юқори тезликдаги поездларни сотиб олиш топширилди: 2026 йилда олтита ва 2030 йилгача яна 8 та. Бу поездлар Тошкент — Термиз ва Тошкент — Андижон йўналишларида, шу жумладан юқори тезликдаги ҳаракатланувчи таркиб талаб қилинадиган тоғли ҳудудларда ҳам қатнайди», — деди.
2024 йил август ойида президент Жанубий Кореянинг Hyundai Rotem компаниясидан олтита юқори тезликдаги электропоезд сотиб олиш лойиҳасининг ТИА параметрларини тасдиқлади. Лойиҳанинг умумий қиймати 220,03 миллион еврога баҳоланмоқда. Битим доирасида Ўзбекистон 21,3 миллион евро, «Ўзбекистон темир йўллари» компанияси 13,5 миллион евро ажратади, Корея Эксимбанки эса 40 йил муддатга, шу жумладан 10 йиллик имтиёзли даврни ўз ичига олган ҳолда, 185,18 миллион евро эквивалентидаги корейс вонида қарз беради.
2030 йилгача Ўзбекистонда 151 км янги йўл қуриш ва 182 км амалдаги темир йўлларни электрлаштириш, шунингдек, 27 та станция ва 100 км темир йўлни модернизация қилиш режалаштирилган. Шаҳар атрофидаги темир йўл хизматларини фаоллаштириш учун 15 та янги йўналиш очиш таклиф қилинмоқда (рўйхат).

