
Ўзбекистон ҳукумати таълим тизимига хитой тилини жорий этишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев 2025 йил 9 сентябрь куни бўлиб ўтган йиғилишда маълум қилди.
Давлат раҳбари Хитойга ташрифи чоғида энергетика, геология, кимё, транспорт, қишлоқ ва сув хўжалиги соҳаларидаги ўнлаб йирик компаниялар раҳбарлари иштирокида 35 млрд долларлик истиқболли лойиҳалар тўплами шакллантирилганини эслатиб ўтди.
Унинг сўзларига кўра, бу лойиҳаларни амалга ошириш учун Ўзбекистонга технологиялар ва хитой тилини яхши биладиган минглаб мутахассислар керак бўлади. Тилни ўргатиш учун мамлакат университет, техникум ва мактабларига 100 дан ортиқ хитой тилида сўзлашувчи мутахассис ва кўнгиллилар таклиф этилади.
Хитой тажрибасини касб-ҳунар таълимига жорий этиш мақсадида Ўзбекистоннинг ҳар бир вилоятида иккитадан «Ўзбекистон-Хитой устахоналари» ташкил этиш режалаштирилган.
«Мени бир масала ташвишга солади — ёшларимиз касб-ҳунар эгаллаб, барқарор даромадга эга бўлиши учун қандай шароит яратиш керак. Агар шу ишни йўлга қўйсак, маҳаллаларда на камбағал, на ишсиз қолади», — дея таъкидлади президент.