Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Жамият 21/12/2025

Хитой — Қирғизистон — Ўзбекистон темир йўли қурилишини молиялаштириш бўйича келишув имзоланди

2025 йил 16 декабрь куни Бишкекда «Хитой — Қирғизистон — Ўзбекистон» темир йўли қурилиши лойиҳасини молиялаштириш тўғрисидаги кредит шартномаси имзоланди. Бу ҳақда Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси хабар берди.

Келишув «Хитой — Қирғизистон — Ўзбекистон темир йўли компанияси» МЧЖ (қўшма лойиҳа компанияси) ҳамда Хитой давлат тараққиёт банки ва Хитой Эксимбанкидан иборат Хитой банклари синдикати ўртасида тузилди.

Лойиҳанинг умумий қиймати 4,7 млрд доллар деб баҳоланмоқда. Ушбу маблағнинг қарийб 2,3 млрд доллари Хитой томонидан Хитой, Қирғизистон ва Ўзбекистон таъсис этган қўшма лойиҳа компаниясига 35 йил муддатга кредит сифатида тақдим этилади. Кредитни қайтариш бевосита лойиҳа компанияси томонидан амалга оширилади.

Қолган 2,3 млрд долларни қўшма лойиҳа компаниясининг устав капиталига киритиш режалаштирилган. Улушлар қуйидагича тақсимланган: Хитой — 51%, Қирғизистон ва Ўзбекистон — 24,5 фоиздан.

Имзолаш маросимида сўзга чиққан Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси раиси ўринбосари Бақит Тўрабоев Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси ва қўшма лойиҳа компанияси ўртасидаги инвестиция шартномасининг асосий қоидаларидан бирига кўра, лойиҳани тўлиқ молиявий таъминлаш 2025 йил 20 декабргача якунланиши кераклигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, бу шарт муддатидан олдин бажарилди.

«Хитой — Қирғизистон — Ўзбекистон» темир йўли лойиҳаси минтақадаги техник жиҳатдан энг мураккаб лойиҳалардан бири ҳисобланади. Қурилиш доирасида умумий узунлиги 120 км бўлган 50 та кўприк ва 29 та тоннел барпо этиш режалаштирилган бўлиб, бу бутун трассанинг қарийб 40 фоизини ташкил этади. Қирғизистон ҳудудида темир йўлнинг узунлиги 304 км бўлади.

Эслатиб ўтамиз, 2024 йил 27 декабрь куни Жалолободда Хитой — Қирғизистон — Ўзбекистон темир йўли қурилиши бошланган эди. «Қирғиз темир йўли» давлат корхонаси бош директори Азамат Сакиев қурилиш ишлари 6 йил давом этиши мумкинлигини маълум қилганди. Бироқ кейинчалик «Ўзбекистон темир йўллари» раҳбарининг биринчи ўринбосари Ҳикматулла Раҳметов темир йўл қурилиши дастлабки режадан тезроқ кетаётгани ва 6 йил эмас, балки 4 йилда якунланиши мумкинлигини айтганди.

Хитой — Қирғизистон — Ўзбекистон темир йўлининг умумий узунлиги 532,53 кмни ташкил этади.