Хитой компанияси Ўзбекистоннинг икки вилоятида дата-марказлар қуриши мумкин

Хитойнинг Shanghai LinkWise Data Intelligence Co компанияси Ўзбекистонда иккита дата-марказ қуришни кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Хитой компанияси делегациясини энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов қабул қилди. 2025 йил 24 июль куни томонлар Бухоро вилоятида 300 МВт қувватга эга дата-марказ қуриш лойиҳасини амалга ошириш бўйича меморандум имзоладилар.

Шунингдек, Сурхондарё вилоятида ҳам худди шундай қувватга эга яна бир дата-марказ қуриш режалаштирилган.

Учрашув давомида томонлар Хитой компаниялари томонидан Ўзбекистон энергетика соҳасида амалга оширилаётган лойиҳалар ҳамда уларнинг кейинги истиқболларини муҳокама қилдилар.

Томонлар имзоланган меморандум доирасида лойиҳани амалга ошириш учун барча зарур ишларни жадаллаштиришга келишиб олдилар.

Саудия Арабистонининг DataVolt компанияси 2025 йил июнь ойи бошида минтақадаги энг йирик «яшил» дата-марказни яратиш лойиҳаси ишга туширилишини эълон қилган эди. Ушбу бозорнинг йирик иштирокчиларидан бири 2030 йилгача 6,5 миллиард доллар инвестиция киритишни режалаштирмоқда. Компания Ўзбекистонни Марказий Осиёда инфратузилмани жойлаштириш учун асосий жой сифатида танлади.

Лойиҳанинг биринчи босқичи Тошкентдаги IT-парк ҳудудида аллақачон бошланган. Иккинчиси – Бухорода режалаштирилган.

Президентнинг хабар беришича, 2026 йилда «Булутли технологиялар» миллий платформасини ишга тушириш ва инвесторлар билан ҳамкорликда 500 МВтдан ортиқ қувватга эга 20 та дата-марказ қуриш режалаштирилган.

Барча дата-марказлар «яшил» энергия асосида фаолият юритади ва «яшил» халқаро сертификат олади. Бу экологик изни минималлаштиришдан манфаатдор бўлган гипермасштаблантириш учун муҳим, дея таъкидлаганди рақамли технологиялар вазирининг биринчи ўринбосари Олег Пекос.