“Ноконституциявий тартиб бекор қилиниши керак”. ХДП таксичилар учун ҳудудий чекловларга қарши чиқди

Ўзбекистон Халқ демократик партияси (ЎзХДП) такси ҳайдовчилари фақат ўз ҳудуди ва қўшни вилоятларда ишлаши мумкинлиги ҳақидаги чекловни танқид қилди. Партия баёноти “Ноконституциявий тартиб бекор қилиниши керак” сарлавҳаси остида эълон қилинди.

Аввалроқ, йўналишсиз такси ҳайдовчиларига лицензия берувчи ташкилот эндиликда уларни расмийлаштиришда ҳайдовчининг рўйхатдан ўтган ҳудудини ҳисобга олиши хабар қилинган эди.

Транспорт вазирлиги бу маълумотни ўз кучини йўқотган 2011 йилдаги Вазирлар Маҳкамасининг 139-сонли қарорига ва 2025 йилда қабул қилинган қарорга таяниб тасдиқлаган эди. Бироқ, илгари бу тартиб амал қилмаган.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси ушбу масала юзасидан тушунтириш беришни талаб қилиб, Транспорт вазирига расмий сўров юборди.

Партия баёнотида тартиб Конституцияга зид эканлиги қайд этилган. 67-моддага кўра, Ўзбекистон ҳудудида иқтисодий маконнинг ягоналиги, товарлар, хизматлар, меҳнат ресурслари ва молиявий маблағларнинг эркин ҳаракатланиши кафолатланади.

“Жорий этилган чекловлар эркин меҳнат фаолиятига тўсқинлик қилмоқда, энг муҳими — фуқароларимизнинг конституциявий ҳуқуқларини чекламоқда”, — дея таъкидлайди ХДП.

Бундан ташқари, Конституциянинг 42-моддасида ҳар бир инсоннинг муносиб меҳнат қилиш, касб ва фаолият турини эркин танлаш, шунингдек, қонунда белгиланган тартибда ишсизликдан ҳимояланиш ҳуқуқи мустаҳкамланган.

“Таксичилар аслида ўзини ўзи банд қилган шахслар бўлиб, улар ишсизликдан ҳимояланиш ҳуқуқини амалга оширмоқдалар. Тегишли лицензия олиб ва солиқларни тўлаб, улар тўлиқ қонуний фаолият юритмоқдалар. Бундан таксичиларга чекловлар жорий этиш учун ҳуқуқий асослар мавжуд эмаслиги аниқ кўринади”, — дейилади хабарда.

Партия, шунингдек, транспорт соҳасидаги муаммоларни ҳал қилиш мақсадида Транспорт вазирини депутатларнинг саволларига жавоб бериш учун “ҳукумат соати”га таклиф қилди.