
Соғлиқни сақлаш вазирининг буйруғи билан автомобилда хавфсизлик камарини тақмасликка имкон берадиган касалликлар ва ҳолатлар рўйхати тасдиқланди.
Жамоатчилик муҳокамаси 2025 йил 14 ноябргача давом этган буйруқ лойиҳасида ҳомиладорлик ҳам бор эди, бироқ якуний ҳужжатда ушбу банд мавжуд эмас. Лойиҳада 17 та банд бўлган бўлса, якуний ҳужжатда уларнинг сони 20 тага етди.
Рўйхатга чап ўмров суяги чиқиши ёки синиши муносабати билан ўтказилган операциялар, оғир юрак-қон томир касалликлари қўшилди, шунингдек, тананинг юқори қисмидаги имплантлар ҳақидаги таъриф кенгайтирилди.
Хавфсизлик камарини тақмасликка рухсат берадиган касалликларнинг якуний рўйхати қуйидагича:
- Ўмров ва тўш суяги синиши.
- Елка камари синиши.
- Қовурғалар синиши.
- Чап ўмров суяги чиқиши муносабати билан ўтказилган операциялар.
- Чап ўмров суяги сохта бўғими синиши.
- Умуртқа поғонасининг компрессион синиши.
- Ўпканинг сурункали обструктив касалликлари (IV босқич).
- Бронхиал астма (IV босқич).
- Ўпканинг интерстициал шикастланишлари (фиброз ва бошқалар).
- Ўпканинг бир қисмини ёки бутунлай (чап ёки ўнг) олиб ташланиши.
- Сурункали юрак етишмовчилигининг III босқичи ва декомпенсация босқичи.
- Оғир юрак-қон томир касалликлари (ўтказилган инфарктлар, ишемия ва бошқалар).
- Семизликнинг III даражаси (морбид, тана вазни индекси 40 дан юқори).
- Бўйнинг 150 сантиметрдан пастлиги.
- Қўл ёки елка ҳаракатини чеклайдиган неврологик касалликлар.
- Кўкрак қафаси соҳасидаги аллергик ёки дерматологик касалликларнинг оғир шакллари (экзема, псориаз ва бошқалар).
- Ўмров, курак, елка, тўш ва қовурғалар соҳасида ички ҳамда ташқи имплантларнинг мавжудлиги.
- Кўкрак қафаси ва қорин бўшлиғида ўтказилган очиқ турдаги операциялар.
- Стомаларнинг мавжудлиги.
- Кўкрак қафаси соҳасидаги йирик ҳосилалар (ўсмалар).
Ушбу касаллик ва ҳолатларни тасдиқлаш учун «Электрон соғлиқни сақлаш» ахборот тизими орқали QR-кодли маълумотнома олиш зарур. Уни яшаш жойидаги поликлиникадан, жумладан хусусий клиника хулосаси асосида ёки бемор даволанган давлат тиббиёт муассасасидан олиш мумкин.
Бўй паст бўлганда ва ўпканинг бир қисми ёки ҳаммаси олиб ташланганда ҳужжат муддатсиз берилади. Вақтинчалик жароҳатларда 2, 4, 6 ой ёки бир йилга берилади. Қолган ҳолатларда маълумотнома бир йил давомида амал қилади.
2025 йил 1 августдан бошлаб Ўзбекистонда хавфсизлик камарини тақмаганлик учун жарима миқдори 206 минг сўмни ташкил этади.