
2025 йил 15 июлдан 15 августгача бутун Ўзбекистон бўйлаб ўтказилган «Хавфсиз ва соғлом юрт» тезкор-профилактик тадбирлари натижасида қарийб 2500 та жиноий иш қўзғатилди. Бу ҳақда 19 август куни ИИВда бўлиб ўтган матбуот анжуманида ички ишлар вазири ўринбосари — Тергов департаменти бошлиғи Рамазон Ашрапов маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, қўзғатилган 2410 та ишдан:
- 1555 таси гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ жиноятлар;
- 564 таси уюшган жиноятчилик;
- 112 таси терроризм;
- 179 таси коррупция билан боғлиқ.
«Қўзғатилган ишлар сони ўтган ойга нисбатан (2025 йил 15 июндан 15 июлгача) 45,1%га ошди. Гап олдини олиш мумкин бўлган жиноятлар ҳақида кетмаяпти. Асосан гиёҳванд моддалар билан боғлиқ ишлар ҳақида. Гиёҳванд моддаларни истеъмол қилувчи одамларда бошқа жиноятларни содир этишга мойиллик ортади. Шу нуқтаи назардан, улар кўпроқ аниқланиб, ишлар қўзғатилди», — деди Ашрапов.
ИИВ вакилининг таъкидлашича, процессуал тартибда ушланган гумонланувчилар сони ўтган ойга нисбатан 50,7%га, яъни 836 тадан 1260 тагача, қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўллаш ҳолатлари эса 48%га ошган. Қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилган шахсларнинг 73% оғир ва ўта оғир жиноятларни содир этганликда гумон қилинмоқда.
Қўзғатилган жиноий ишлар доирасида 3509 та уй ва турар жойларда тинтув ва тергов ҳаракатлари ўтказилиб, ишга алоқадор моддий далиллар олиб қўйилган.
Худди шундай акция 2025 йил 15 апрелдан 15 майгача ҳам ўтказилган. Ўшанда Ўзбекистон бўйлаб 17,3 мингта санчувчи-кесувчи буюм, 334 кг дан ортиқ гиёҳвандлик воситалари олиб қўйилган, қарийб 1000 нафар қидирувдаги шахс ушланган, 383 нафар бедарак йўқолган шахс топилган, 190 мингдан ортиқ ЙҲҚ бузилиши ҳолати қайд этилган.
«Барча тергов хоналари видеокамералар билан жиҳозланган»
Тергов хоналарининг видеокузатув билан жиҳозланиш даражаси ҳақидаги саволга Рамазон Ашрапов барча бинолар 100% камералар билан жиҳозланганини айтди.
«Бу жорий йилда ҳам, ўтган йили ҳам эмас, балки аввалроқ жорий этилган. Зўравонлик ёки турли кўнгилсиз ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида ҳар бир жойга, ҳар бир терговчи хонасига камералар ўрнатилган, ёзиб олинади ва барча маълумотлар ўша ерда сақланади», — деди.
ИИВ раҳбари ўринбосари ички ишлар вазирининг 101-сонли буйруғига кўра, профилактика инспектори, жиноят қидирув ёки патруль-пост хизмати ходими томонидан олиб келинган ҳар бир фуқаро махсус жиҳозланган сўроқ хонасида сўроқ қилиниши шартлигини эслатди.
«Дастлабки тергов ҳаракатлари иш терговга ўтказилгандан кейингина олиб борилади. Ҳар бир терговчи ва суриштирувчи хонасида камера бўлиши шарт. Бу ҳам фуқароларни, ҳам ходимларни ҳимоя қилади ва жараённинг тўлиқ қонунийлигини таъминлайди. Биз бу чоранинг ҳақиқий самарасини кўрмоқдамиз», — дея таъкидлади.
Фуқаролар камерасиз хоналарда сўроқ қилинганми, деган саволга у:
«Ҳар бир терговчининг алоҳида, расмий ажратилган хонаси бор. Сўроқлар фақат ўша ерда ўтказилади. Бошқа хоналарга чиқишга ҳожат йўқ. Агар бу бошқа тергов ҳаракатлари билан боғлиқ бўлса, воқеа жойини кўздан кечириш ва экспертиза тайинлаш учун ташқарига чиқиши мумкин. Аммо сўроқ — фақат жиҳозланган тергов хонасида ўтказилади», — дея хулоса қилди Тергов департаменти раҳбари.