
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2025 йил 27 октябрь куни кенгайтирилган йиғилиш ўтказди, унда 2026 йил учун мақсадлар белгиланди ва жорий йил учун ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг оралиқ натижалари сарҳисоб қилинди.
Ўзбекистон иқтисодиёти 2025 йилнинг 9 ойида 7,6%га ўсди, бу прогноз кўрсаткичларидан юқори. Саноат ишлаб чиқариши 6,8% га, қурилиш ишлари 14,2%га, хизмат кўрсатиш соҳаси 14%га, қишлоқ хўжалиги 4,1%га ошди.
Олтин-валюта захиралари 2024 йилга нисбатан 35% га ўсиб, 55 млрд долларни ташкил этди.
Халқаро рейтинг агентликлари Ўзбекистон истиқболларини ижобий баҳолади: Fitch мамлакатнинг суверен рейтингини бир поғонага оширди, Moody’s ва S&P прогнозни «барқарор»дан «ижобий»га ўзгартирди.
«Энг муҳими, эришилган натижалар халқ фаровонлигини оширишга хизмат қилмоқда», — дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.
Очиқланган маълумотларга кўра, аҳоли даромадлари 18,4%га, депозитлар ҳажми 35,3%га, ўртача иш ҳақи 19,2%га ўсган. Сўровномалар аҳоли ва бизнеснинг ишончи ошганини, бандлик ва даромадлар ўсганини кўрсатмоқда, дея маълум қилди давлат раҳбари матбуот хизмати.
2026 йил учун прогноз
2026 йилда иқтисодиёт ўсишини 6,6%га — 150 млрд доллардан ошириш, иқтисодиётга барча манбалар ҳисобидан инвестицияларни камида 400 трлн сўмга етказиш, инфляцияни 7% дан юқори бўлмаган даражада ушлаб туриш режалаштирилган.
Президент бу мақсадларга эришиш учун «барча зарур имкониятлар ва шароитлар мавжуд»лигини қайд этди. У вазирликлар, тармоқлар ва ҳокимликлар масъулиятини ошириш муҳимлигига эътибор қаратди.
2026 йилги бюджет лойиҳасида амалдаги солиқ ставкалари сақланиб қолинган. Давлат раҳбари бу шароитда бюджетнинг даромад қисмини ошириш, харажатлар устидан назоратни кучайтириш, таннархни қисқартириш ва самарадорликни оширишни раҳбарлар ишини баҳолашнинг асосий мезонига айлантиришни талаб қилди.
Шавкат Мирзиёев стратегик тармоқларда таннархни пасайтириш ва рақобатбардошликни ошириш, хусусий сектор иштирокини кенгайтириш, давлат компанияларининг дивиденд сиёсатини ислоҳ қилиш, самарасиз имтиёз ва субсидияларни таҳлил қилиш ва бекор қилиш, «яширин» иқтисодиётни қисқартириш, маҳаллий бюджетлар даромадларини ошириш бўйича вазифаларни қўйди.
Халқаро молия институтлари иштирокидаги лойиҳаларни амалга оширишни жадаллаштиришга алоҳида эътибор қаратилди. Қоида жорий этишга қарор қилинди: янги лойиҳалар фақат амалдагилари якунлангандан сўнг молиялаштирилади.
Президент топшириғига кўра, вазирлик ва идораларнинг бюджетдан ташқари жамғармалари қолдиқларининг ярми мактаблар қурилиши ва соғлиқни сақлашни ривожлантириш учун ягона фондга йўналтирилади.
Вице-премьер, иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров аввалроқ 2025 йил якунлари бўйича мамлакат ЯИМ 7% га ўсиши, аҳоли жон бошига тўғри келадиган ЯИМ 3500 доллардан ошиши, инфляция 8%ни ташкил этиши ҳақида хабар берган эди.

