
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Оятуллоҳ Али Хаменеий вафоти муносабати билан Эрон Президенти Масъуд Пезешкианга таъзия билдирди. Ушбу мактуб 2026 йил 2 март куни Эроннинг Тошкентдаги элчихонаси томонидан эълон қилинди.
«Эрон Олий диний раҳбари Оятуллоҳ Сайид Али Хаменеий ҳазратлари ҳамда унинг оила аъзолари вафот этгани ҳақидаги совуқ хабар қалбларимизни чуқур қайғуга солди. У зот ўзининг кўп йиллик сермаҳсул фаолияти давомида Эрон давлатчилигини мустаҳкамлаш, жамият барқарорлигини таъминлаш ва миллий қадриятларни асраб-авайлаш ишига улкан ҳисса қўшган эди», — дейилади мактубда.
«Ўзбекистон ва Эрон ўртасидаги кенг кўламли ҳамкорликни, ўзаро манфаатли ва узоқ муддатли шериклик муносабатларини ривожлантиришга улкан ҳисса қўшган у зотнинг ёрқин хотираси қалбларимизда абадий сақланиб қолади», — деб қайд этилган мактубда.
«Ушбу мусибатли ва оғир дамларда Сизга ва дўст Эрон халқига самимий таъзиямизни изҳор этамиз», — дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, Оятуллоҳ Али Хаменеий 28 февраль куни АҚШ ва Исроил зарбалари натижасида ҳалок бўлди. У 86 ёшда эди. Али Хаменеий 1989 йилдан буён мамлакат Олий раҳбари лавозимини эгаллаб келаётган эди. 1981–1989 йилларда эса Эрон президенти бўлган.
Аввалроқ Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов Яқин Шарқ мамлакатлари — Қатар, Кувайт, Умон, Иордания, Баҳрайн ва БААдаги ҳамкасблари билан телефон орқали мулоқот қилган эди. У ҳамкасблари билан минтақадаги вазиятни муҳокама қилиб, Шавкат Мирзиёевнинг қўллаб-қувватлаш ва бирдамлик сўзларини етказган.
Бундан олдин Ўзбекистон ТИВ Яқин Шарқдаги вазиятнинг кескин ёмонлашуви ва минтақада янги можароли вазият юзага келганидан жиддий хавотирда эканини маълум қилган эди.