Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш

Ўзбекистонда халқаро молия маркази, IT-хаб очилади ва ислом банк хизматлари жорий этилади

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2026 йил 25 март куни Тошкент халқаро молия марказини ташкил этиш, Рақамли технологиялар халқаро марказини ишга тушириш ҳамда банк тизимига ислом молияси механизмларини жорий этишга оид тақдимот билан танишди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар берди.

Тадбирда глобал геосиёсий кескинлик шароитида инвестицияларни жалб қилиш бўйича рақобат кучаяётгани таъкидланди. Шу билан бирга, Ўзбекистонда табиий ресурслар ва иқтисодий салоҳият кўринишидаги афзалликлар мавжудлиги қайд этилди.

«Кўплаб халқаро компаниялар минтақавий хавф-хатарларни баҳолаб, янги бозорларни ўргана бошлади. Бу биз учун тарихий имконият. Бундай вазиятда биз фурсатни бой бермаслигимиз ва халқаро молиявий компанияларни имкон қадар тезроқ ўзимизга жалб қилишимиз шарт», — деди президент.

2026 йил учун 50 миллиард доллардан ортиқ инвестиция жалб қилиш мақсад қилинган бўлиб, бунинг учун инвесторларнинг Ўзбекистон бозорига киришини осонлаштириш, уларга замонавий инфратузилма, халқаро стандартларга мос ҳуқуқий режим, қўшимча имтиёзлар ва, энг муҳими, ишончли ҳамда шаффоф ишбилармонлик муҳитини таъминлаш зарурлиги айтилди.

Шу муносабат билан тақдимотда Ўзбекистоннинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш бўйича учта устувор йўналиш — халқаро молия ва рақамли технологиялар марказларини ташкил этиш ҳамда ислом молияси хизматларини жорий қилиш масалалари кўриб чиқилди.

Тошкент халқаро молия маркази муҳокамаси давомида у инвестицияларнинг янги турларини жалб қилиш ва барқарор иқтисодий ўсишни таъминлашнинг самарали воситасига айланиши таъкидланди. Ҳисоб-китобларга кўра, 2030 йилга бориб молия маркази иқтисодиётга қўшимча 20–25 миллиард доллар жалб қилиши, ҳар йили ялпи ички маҳсулотнинг қўшимча 1 фоизгача ўсишини таъминлаши, 15 мингта янги юқори малакали иш ўрни яратиши ҳамда 10 минг нафар мутахассиснинг малакасини оширишга хизмат қилиши мумкин.

Марказ фаолияти учун алоҳида ҳуқуқий режим жорий этиш режалаштирилмоқда. Жумладан, марказ тўғрисидаги қонунга зид бўлмаган қисмида Англия ва Уэльснинг умумий ҳуқуқ нормалари қўлланади, марказ бошқарув органлари ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қабул қилиш ваколатига эга бўлади, низоларни кўришга ихтисослашган Тошкент халқаро тижорат суди ва халқаро арбитраж маркази фаолияти ташкил этилади.

Марказ резидентлари учун кенг имкониятлар, жумладан, капиталнинг эркин ҳаракати ва репатриацияси, эркин валюта операцияларини амалга ошириш, замонавий тўлов воситаларидан фойдаланиш, рақамли активлар билан ишлаш, шунингдек, имтиёзли солиқ режими ва соддалаштирилган виза тартиби кўзда тутилган.

Иккинчи йўналиш — Enterprise Uzbekistan бренди остида Рақамли технологиялар халқаро марказини ташкил этиш ва ривожлантириш.

Тақдимотда марказ учун 2100 йилгача махсус ҳуқуқий режим кўзда тутилгани маълум қилинди. Марказнинг «тартибга солиш қумдони» доирасида янги ечимларни синаб кўриш, иш ҳақини хорижий валютада тўлаш, халқаро меҳнат стандартларини жорий этиш, шахсий маълумотларни халқаро стандартлар ва булутли технологиялар асосида қайта ишлаш имконияти пайдо бўлади. Интеллектуал мулк, инвестициялар, стартаплар ва экспортни ҳимоя қилиш учун қулай шароитлар яратилиши, божхона ва солиқ имтиёзлари берилиши кутилмоқда.

Сунъий интеллект технологиялари, рақамли трансформация, илмий-тадқиқот ва ишланмалар, сертификатлаштириш, стартаплар ва маълумотлар марказлари ушбу марказ фаолиятининг асосий йўналишлари этиб белгиланди. 2030 йилгача ушбу марказ орқали 1000 тагача компанияни жалб қилиш, 300 мингдан ортиқ иш ўрни яратиш ва 5 миллиард долларлик экспорт салоҳиятига эришиш режалаштирилган.

Учинчи йўналиш сифатида Ўзбекистонда ислом банк ишини жорий этиш масаласи кўриб чиқилди.

Бунда муробаҳа (товарларни бўлиб тўлаш шарти билан сотиш орқали молиялаштириш), музораба (фойдани тақсимлаш шарти билан молиялаштириш ёки маблағ жалб қилиш), вакала (агентлик шартномаси орқали маблағ тақдим этиш ёки жалб қилиш), салам (товарлар учун олдиндан тўлов қилиш орқали молиялаштириш), мушарака (биргаликдаги фаолият орқали молиялаштириш), ислом ижараси ва қонунчиликка зид бўлмаган бошқа ислом молияси воситаларини жорий этиш кўзда тутилмоқда.

Шу билан бирга, товар устига қўйилган фойдадан (маржа) қўшилган қиймат солиғи олинмаслиги, инвестициявий омонатлардан олинадиган даромад солиқдан озод этилиши, ислом ижараси шартномалари эса молиявий ижара ва лизингга тенглаштирилиши белгиланган.

Ушбу соҳада тизимли бошқарувни йўлга қўйиш учун Марказий банк ҳузурида Ислом молияси бўйича кенгаш ташкил этилади. Алоҳида кенгашлар ислом молияси хизматларини кўрсатувчи банкларда ҳам тузилади.

2026 йилда камида битта тижорат банкида ислом «дарчаси» фаолиятини йўлга қўйиш, 2026–2030 йиллар давомида эса тўлиқ ислом банк фаолиятини амалга оширувчи иккита банк ташкил этиш режалаштирилган. Умуман олганда, соҳадаги янгиликлар орқали 2026–2030 йилларда қўшимча 1 миллиард долларга яқин инвестиция ва депозитларни жалб қилиш имконияти пайдо бўлиши таъкидланди.

Давлат раҳбари ушбу 3 та йўналиш мамлакатда замонавий молиявий ва технологик экотизимни шакллантиришга хизмат қилишини таъкидлаб, уларни амалга оширишни тезлаштириш бўйича топшириқлар берди.