«Президент халқ қабулхоналари диспетчерликка айланиб қолди». Президент барча ходимлар ишдан бўшатилишини маълум қилди

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2025 йил 16 июнь куни бўлиб ўтган йиғилишда 2016 йилда ўз лавозимига келиши билан ишга туширилган давлат раҳбарининг халқ қабулхоналари фаолиятини танқид қилди.

«Халқ қабулхоналари тизими аҳоли муаммоларини тинглайдиган ва уларни ҳал қиладиган тизим ўрнига, мурожаатларни давлат ташкилотлари ўртасида тақсимлайдиган «диспетчерлик»ка айланиб қолди», — деди президент (иқтибосни унинг матбуот котиби Шерзод Асадов келтирган).

У шундай рақамни келтирди: 2024 йили виртуал қабулхона ва халқ қабулхоналари орқали юборилган мурожаатларнинг 55% ҳал этилмаган.

Одамлар шикоятларида баён қилинган муаммолар ҳал этилмаётгани сабабли, ижтимоий тармоқлар орқали мурожаатлар сони ошган. Ижтимоий тармоқлардаги мурожаатларнинг аксарияти ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, судлар, ҳокимликлар, таълим ва экология соҳаларига тааллуқли.

Тахминан 1000 та мурожаатда аризачилар Шавкат Мирзиёевнинг шахсий қабулига киришни сўраган, деди у.

«Ҳокимлар Тошкент шаҳри ва Бухоро вилоятидаги мансабдор шахсларга нисбатан шикоятларнинг кўпайганини қачондир таҳлил қилишганми? Агар вазирлар ва ҳокимлар мурожаатлардаги муаммоларни ҳал қила олмаса, одамлар кимга шикоят қилиши керак?» — деб сўради у.

«Ҳар бир мурожаат ортида инсон тақдири, унинг муаммолари ва умидлари туради — буни унутмаслик керак», — дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.

Халқ қабулхоналарининг барча ходимлари бугундан бошлаб ишдан бўшатилади, деди у. Уларнинг ўрнига «муаммоларни ҳал қилишга қодир, фидойи кадрлар» ишга олинади.

Президентнинг маълум қилишича, эндиликда халқ қабулхоналарига вилоят ва туман ҳокимлари раҳбарлик қилади. Улар ўз иш кунини қабулхоналарда, фуқароларнинг шикоятлари ва ташвишларини тинглашдан бошлашлари керак.

«Ҳокимлар бир нарсани тушунишлари керак: бугун пайдо бўлган муаммо эртаси кунга қолмаслиги керак. Мурожаат бошқа идорага жўнатилмаслиги, балки жойида ҳал этилиши керак», — дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.

Бу мақсадларда туман ҳокимларининг ваколатлари кенгайтирилади. Муаммоларни ҳал этиш учун қўшимча ресурслар ҳам ажратилади.

Виртуал қабулхона 2016 йил сентябрь ойи охирида очилган эди. Ўша йилнинг декабрь ойида Шавкат Мирзиёевнинг фармони билан бутун мамлакат бўйлаб президент халқ қабулхоналари тармоғи ташкил этилди. 2017 йил Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили деб эълон қилинди. Агар дастлабки йилларда қабулхоналар фаолияти фуқаролар томонидан юқори баҳоланган бўлса, сўнгги пайтларда қабулхоналар мурожаатларни фуқаролар шикоят қилаётган инстанцияларга шунчаки йўналтираётгани ва муаммолар ҳал этилмаётгани ҳақида кўпроқ эшитиш мумкин.

2021 йил ёзида президент аҳоли мурожаатлари билан ишлашнинг янги тизимини яратиш ҳақида баёнот берган эди. У барча ҳокимларга ҳафтада икки кунни фуқароларни қабул қилишга ажратиш ва жойлардаги тизимли муаммоларни ҳал этиш учун ҳокимликларда ҳар куни қабул ўрнатишни топширган эди.