Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Жамият 17/06/2025

“Халқ назорати” хизматини бутун Ўзбекистон бўйлаб ишга тушириш топширилди

“Халқ назорати” электрон портали бутун Ўзбекистон бўйлаб ишга туширилиши режалаштирилмоқда. Бу топшириқни 2025 йил 16 июнь куни бўлиб ўтган йиғилишда президент Шавкат Мирзиёев берди.

Ҳисоб палатаси бир ой ичида Тошкентда муваффақиятли синовдан ўтган ушбу хизматни ҳудудларда ишга тушириши керак.

Ушбу портал орқали фуқаролар қурилиш, ободонлаштириш ва инфратузилмадаги муаммолар ҳақида хабар беришлари, фотосуратлар ва манзилларни илова қилишлари мумкин бўлади. Муаммонинг ҳал қилинганлиги ҳам фотосурат билан тасдиқланади. Ҳокимларнинг иш самарадорлиги ҳар куни – келиб тушган мурожаатларнинг қанчалик тез ва сифатли ҳал этилишига қараб баҳоланади, дейилади хабарда.

Президентнинг таъкидлашича, платформа барча вазирликлар, идоралар ва маҳаллий ҳокимият органлари уланадиган ягона рақамли мурожаат канали бўлади.

2025 йил 16 февраль куни Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги Рақамли ривожланиш департаменти томонидан яратилган, аҳолидан аризалар ва мурожаатларни қабул қилиш хизмати – “Халқ назорати” порталининг Тошкентда ишга туширилганига 4 йил тўлди.

2023 йил май ойида “Халқ назорати” платформасини Ўзбекистоннинг яна 7 ҳудудида ишга тушириш режалари ҳақида хабар берилганди. Ўша йилнинг декабрь ойида президент Шавкат Мирзиёев аҳоли томонидан ижобий қабул қилинган ушбу хизматни такомиллаштириш зарурлигини таъкидлади. У ушбу платформани ривожлантиришга кўпроқ эътибор қаратишни топширди.

Хизмат бажарилган ишлар бўйича ҳафталик ҳисоботларни, шунингдек, йил якунларини тақдим этади.