
Volkswagen AG компанияси ва Ўзбекистоннинг Alyans Auto (Uzavtosanoat шўъба корхонаси) автомобиль ишлаб чиқариш ва тарқатиш соҳасида ҳамкорлик шартномасини имзолади. Бу ҳақда «Uzavtosanoat» АЖ матбуот хизмати хабар берди.
Келишув лицензияланган ишлаб чиқариш, йирик узелли (SKD) йиғишни, кейинчалик тўлиқ (CKD) йиғишга ўтишни, шунингдек, технологик ҳамкорликни назарда тутади. Лойиҳа доирасида Volkswagen сифат стандартларини жорий этиш ва Ўзбекистонда сервис инфратузилмасини ривожлантириш режалаштирилган.
«Тўғрироғи, Volkswagen Ўзбекистонда автомобиль ишлаб чиқаришни қайта бошлайди ва моделлар қаторини кенгайтиради. Илгари Volkswagen Caddy (тижорат транспорти) ва Skoda Kodiaq моделлари ишлаб чиқарилган, шу сабабли ҳозирги лойиҳа янги седанлар ва маҳаллий бозор эҳтиёжларига мослаштирилган йўлтанламаслар қўшилган ҳолда ишлаб чиқаришни давом эттиришдир», — дея таъкидлади «Uzavtosanoat».
Лойиҳа босқичма-босқич амалга оширилмоқда. Биринчи босқичда SKD-йиғиш, иккинчи босқичда эса чуқур локализация билан CKDга ўтиш кўзда тутилган. Бу жараён техник ва иқтисодий тайёргарликни, шунингдек, Ўзбекистонда ишлаб чиқариш учун энг мос моделларни танлашни ўз ичига олади.
Кичик узелли йиғишни ташкил этиш келажакда локализация даражасини сезиларли даражада ошириш, замонавий технологияларни жалб қилиш ва турдош тармоқларни ривожлантириш ҳисобига мамлакатнинг саноат базасини мустаҳкамлаш имконини беради, дея маълум қилди «Uzavtosanoat».
«Alyans Auto майдончасида серияли ишлаб чиқаришни 2025 йилнинг тўртинчи чорагида ёки 2026 йилнинг бошида йўлга қўйиш режалаштирилган. Ишлаб чиқариш ҳажми бозор талабига боғлиқ бўлади. Биз қатъий миқдорий чекловлар белгиламаймиз, эҳтиёжга қараб масштабини назарда тутган ҳолда сотувларга йўналтирамиз», — дея хабар берди компания.
Лойиҳанинг инвестиция параметрлари техник-иқтисодий асослаш якунланганидан сўнг аниқланади, дея қўшимча қилди матбуот хизмати.
Volkswagen 2025 йил 11 июнь куни Alyans Auto билан биргаликда Ўзбекистонда йирик узелли автомобиль йиғишни йўлга қўйиш бўйича шартнома имзолади. Бутловчи қисмларни Хитойдан етказиб бериш режалаштирилган. «Бизда 8 та услубли седан ва кенг йўлтанламаслар бор», — деди Германия компанияси вакили.
Шартнома седанлардан тортиб тўлиқ ўлчамли кроссоверларгача замонавий енгил автомобиллар ҳисобига моделлар қаторини кенгайтиришни назарда тутади.
Volkswagenнинг Ўзбекистонга такрорий кириши
2020 йилда «Uzavtosanoat» ва Volkswagen Group Rus (Volkswagenнинг Россиядаги шўъба корхонаси) Жиззах автомобил заводи (Jizzakh Auto) базасида «Жиззах» эркин иқтисодий зонасида енгил тижорат автомобиллари ишлаб чиқариш бўйича келишув имзолаган эди.
Ўша йилнинг ёзида Жиззах автомобил заводи базасида Volkswagen тижорат автомобиллари, кузда эса Škoda (1991 йилдан буён Volkswagen гуруҳига киради) сотуви бошланди.
Россиянинг Украинага тўлиқ миқёсли босқинидан сўнг Volkswagen Россия бозорини тарк этишга қарор қилди. 2023 йил май ойида компания Россиянинг Avilon автодилерига қайта сотиб олиш опционисиз сотилди.
2022 йил август ойидан буён Ўзбекистондаги Volkswagen ижтимоий тармоқларида хабарлар пайдо бўлмай қўйди.
2019 йилдан буён корхона Jizzakh Auto бренди остида Volkswagen ва Skodaнинг расмий ишлаб чиқарувчиси ва дистрибютори сифатида фаолият юритган. 2025 йилда Volkswagenнинг BPDD корпоратив аудити натижаларига кўра, компания ребрендинг қилди ва «Alyans Auto» номи остида фаолиятини давом эттирди.